Ғалла етиштириш, харид қилиш ва сотишга бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида

Ғалла етиштириш, харид қилиш ва сотишга бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

қ а р о р и

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 23 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-5853-сон Фармони ижросини таъминлаш, хусусан давлат буюртмаси асосида бошоқли дон етиштириш амалиётини бекор қилиш, харид қилиш ва сотишда бозор тамойилларини кенг жорий этиш, қишлоқ хўжалигида меҳнат унумдорлигини ошириш ва манфаатдорликни таъминлашга қаратилган қулай агробизнес муҳитини яратиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Ўздонмаҳсулот” АК ва Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг фермер хўжаликлари ва ғаллачилик кластерлари билан “Ўздонмаҳсулот” АК тизимидаги корхоналар ўртасида 2020 йил ҳосилидан давлат харидлари доирасида тузилган контрактация шартномалари миқдорини ҳар бир ғалла етиштирувчи учун 25 фоизга камайтириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) томонидан давлат харидлари доирасида 2 265 минг тонна буғдой (уруғлик дон учун амалдаги устама тўлаш тартибини сақлаб қолган ҳолда) ички бозорда дон нархлари барқарорлигини таъминлаш тадбирларини амалга ошириш учун харид қилинсин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси жорий йил 10 майга қадар жаҳон бозори ва минтақавий биржа нархлари ҳамда республикада кутилаётган ҳосилни инобатга олиб, дон ва нон маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш тадбирларини амалга ошириш учун 2020 йилда харид қилинадиган ғалла нархларини белгиласин.

2. Белгилаб қўйилсинки:

а) 2020 йил ҳосилидан бошлаб:

давлат буюртмаси асосида бошоқли дон етиштириш амалиёти босқичма-босқич бекор қилинади;

ички бозорда дон ва нон маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш тадбирларини амалга ошириш учун давлат томонидан харид қилинадиган буғдой мулкчилик шаклидан қатъи назар барча корхоналарнинг донни сақлаш талабларига мос келадиган омборлар (сиғимлар)ида шартнома асосида сақланади;

б) 2021 йил ҳосилидан бошлаб:

давлат томонидан ғаллага харид нархини белгилаш амалиётидан тўлиқ воз кечилади;

давлат хариди тўлиқ бекор қилинади ҳамда фермерлар ва бошқа корхоналар томонидан етиштириладиган ғалла барча истеъмолчиларга,
шу жумладан, донни қайта ишловчи корхоналар, ғаллачилик кластерлари ва трейдерларга биржа савдолари орқали ёки тўғридан-тўғри шартномалар (фьючерс, форвард ва бошқалар) асосида эркин нархларда сотилади;

ички бозорда дон ва нон маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш тадбирларини амалга ошириш учун зарур миқдордаги дон Жамғарма томонидан фьючерс, форвард шартномалари асосида ёки биржа савдолари орқали эркин нархларда харид қилинади;

дон етиштирувчи хўжаликларни сифатли уруғлик билан таъминлаш мақсадида сертификатланган уруғлик етказиб бериш тизими сақлаб қолинади ҳамда 2021-2023 йилларда уруғлик етказиб бериш босқичма-босқич Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази таркибидаги уруғчилик кластерлари ва элита уруғчилик хўжаликлари, ғаллачилик кластерлари зиммасига юклатилади.

3. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда жаҳон бозори, минтақавий биржалар нархларини таҳлил қилган ҳолда, ҳар йили 1 августга қадар келгуси йил ғалла ҳосили учун кутилаётган минимал нархларни эълон қилсин ҳамда бозорлардаги нархлардан келиб чиқиб, ҳар чоракда ушбу нархга тузатишлар киритиб, оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб борилишини таъминласин.

4. Республика ички бозорида дон ва нон маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш тадбирларини амалга ошириш Жамғарма зиммасига юклатилади.

Ички бозорда дон ва нон маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш тадбирларини амалга ошириш учун Жамғарма томонидан харид қилинадиган дон Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан келишилган ҳолда, Бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари томонидан тасдиқланадиган ойлик график асосида Жамғарма томонидан биржа савдоларида сотувга қўйилади.

5. Дон ва нон маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш учун зарур миқдордаги буғдойни харид қилиш билан боғлиқ харажатлар (сотиб олиш, ташиш, сақлаш), харид қилиш ва сотиш нархлари ўртасида юзага келган тафовут (ижобий, салбий) Жамғарма молиявий фаолияти якунларига олиб борилади ҳамда зарур ҳолатларда юзага келган салбий тафовут Жамғармага республика бюджетидан қоплаб берилади.

6. 2020 йил 1 июндан бошлаб:

а) фермер хўжаликлари, ғаллачилик кластерлари ва Уруғчиликни ривожлантириш маркази таркибидаги элита уруғчилик хўжаликларининг ғалла етиштириш харажатларини молиялаштириш учун тижорат банклари томонидан Жамғарма маблағлари ҳисобидан 12 ой муддатгача ғалла ялпи ҳосили умумий қийматининг 40 фоизигача бўлган миқдорда молиялаштирилганда йиллик 10 фоиз50 фоизигача бўлган миқдорда молиялаштирилганда йиллик 12 фоиз ставкадан (шундан банк маржаси 2 фоиз) ошмаган миқдорда кредитлар ажратилади.

Бунда:

фермер хўжаликлари, ғаллачилик кластерлари ва Уруғчиликни ривожлантириш маркази таркибидаги элита уруғчилик хўжаликлари агротехник тадбирларни ўтказиш хусусиятларидан келиб чиқиб, кредит маблағларидан эркин фойдаланади ҳамда моддий ресурслар етказиб берувчиларни ихтиёрий танлайди;

ғаллачилик кластерлари томонидан фермер хўжаликларининг ғалла етиштириш билан боғлиқ харажатларини бўнаклаш пул маблағлари шаклида амалга оширилади;

ғалла етиштириш харажатларини молиялаштиришга ажратилган кредит маблағларининг муддатида қайтарилмаган қисми тижорат кредити сифатида қайта расмийлаштирилади;

б) мулкчилик шаклидан қатъи назар, фақат донни қайта ишловчи корхоналар ҳамда донни қайта ишлаш қувватига эга бўлган ғаллачилик кластерлари томонидан республикада етиштирилган ғаллани харид қилиш учун тижорат банклари томонидан 12 ой муддатгача 50 миллиард сўмгача миқдорда тижорат кредитлари ажратилади.

Бунда:

миллий валютада ажратиладиган тижорат кредитлари бўйича фоиз ставкасининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкасидан ошадиган, лекин 10 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисмига;

хорижий валютада ажратиладиган кредитлар бўйича тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 30 фоизигача, лекин 3 фоиз пунктидан кўп бўлмаган миқдорда фоиз харажатларини қоплаш учун Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан компенсация берилади;

ғаллани харид қилиш учун ажратилган кредит маблағларининг муддатида қайтарилмаган қисмига Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан компенсация берилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Марказий банкнинг асосий ставкаси ўзгарган ҳолларда Жамғармадан ажратилаётган кредитлар фоиз ставкаларига, банк маржасига ҳамда Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан бериладиган компенсация миқдорига ўзгартириш киритиш ҳуқуқи берилади.

7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, “Ўздонмаҳсулот” АК ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда дон сақлаш сиғимларига эга бўлган тадбиркорлик субъектларини жалб этган ҳолда, 2020 йил ҳосилидан бошлаб етиштириладиган бошоқли донни қабул қилиш ва сақлаш бўйича хизмат тарифларини тасдиқласин.

8. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси, “Ўздонмаҳсулот” АК, Жамғарма, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда 2020 йилда, 1 апрелга қадар келгуси йилларда ички бозорда дон ва нон маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш тадбирларини амалга ошириш учун сотиб олинадиган ғалланинг ҳудудлар кесимидаги тақсимотини ва ушбу ғаллани сақлашга талабгор корхоналарнинг ҳудудлар кесимидаги рўйхатини шакллантирсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси дон сақланаётган корхоналарда унинг сифати ва миқдори бўйича тўғри сақланиши юзасидан ойлик назорат ўрнатилишини таъминласин.

10. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, тижорат банклари билан биргаликда ғаллачилик кластерлари ва донни қайта ишловчи корхоналарга республикада етиштирилган донни харид қилиш учун мазкур қарорда белгиланган кредит ажратиш механизми бўйича ўқув-семинарларини ташкил этсин ва оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.

11. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2020 йил 1 майга қадар:

дон ва нон маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш тадбирларини амалга ошириш учун харид қилинадиган ғалла ҳажмини ҳудудлар кесимида аниқлаш ва ҳисоб-китобларни амалга ошириш ҳамда ғаллани сақлаш тартибларини тасдиқласин;

“Ўздонмаҳсулот” АК тизимига кирувчи дон корхоналарини 2020-2021 йилларда белгиланган тартибда босқичма-босқич хусусий секторга сотиш чора-тадбирларини белгиласин.

12. Қуйидагилар:

Ғалла етиштиришга давлат буюртмаси босқичма-босқич бекор қилиниши ҳамда соҳага бозор тамойиллари кенг жорий этилишини ташкил этиш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури 1-иловага мувофиқ;

Ғалла етиштириш, харид қилиш ва сотишга бозор тамойилларини кенг жорий этишни мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

13. Республика кенгашига (А.Aрипов) қуйидаги вазифалар юклатилсин:

ғалла етиштиришга давлат буюртмаси босқичма-босқич бекор қилиниши ҳамда соҳага бозор тамойиллари кенг жорий этилишини ташкил этиш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури ижросини ўз вақтида таъминлаш;

2021 йил ҳосилидан бошлаб дон ва нон маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш тадбирларини амалга ошириш учун харид қилинадиган буғдой ҳажмини белгилаш;

ҳудудларнинг табиий-иқлим шароитларидан келиб чиқиб, ғалла экин майдонларини навлар бўйича жойлаштириш;

дон ва нон маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш тадбирларини амалга ошириш учун харид қилинган ғаллани сақловчи корхоналар рўйхатини шакллантириш;

озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш механизмларини такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;

дон ва нон маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш тадбирларини амалга ошириш жараёнида юзага келадиган барча масалаларни ҳал этиб бориш.

14. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ў.Барноев:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг таклифларига асосан “Ўзстандарт” агентлиги билан биргаликда календарь йилнинг 1 майига қадар талабгор корхоналарнинг дон сақлаш сиғимлари хатловдан ўтказилишини ва уларнинг амалдаги талабларга мослиги тўғрисида хулоса берилишини, ижобий хулоса берилган корхоналарнинг лабораториялари ва тарозиларини хатловдан ўтказилишини, тегишли рухсатномалар берилишини, дон сақлашга рухсат этилган корхоналар рўйхати тасдиқланишини ҳамда уларнинг дон сақлаш қувватларини оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб боришни таъминласин;

қишлоқ хўжалиги вазири Ж.Ходжаев, сув хўжалиги вазири Ш.Ҳамраев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари билан биргаликда белгиланган тартибда ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва тупроқ унумдорлигини ошириш, ғалла етиштиришга замонавий ҳамда энергия ва ресурстежамкор технологияларнинг жорий этилишини, фермер хўжаликларини сув билан таъминлаш ҳамда комплекс агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишида амалий ёрдам кўрсатсин.

15. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда ушбу қарор мазмун-моҳияти ҳамда мақсад ва вазифаларининг оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.

16. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Молия вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

17. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                                                                             Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2020 йил 6 март

http://uza.uz/oz/documents/alla-etishtirish-kharid-ilish-va-sotishga-bozor-tamoyillarin-09-03-2020

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram