Ғалла нархи қандай аниқланади?
2020 йил ҳосилидан бошлаб, давлат дон етиштириш режасини белгилаш амалиёти тўлиқ бекор қилинди.Хўп, энди нархни кимлар, қандай белгилайди?
Янгиликлар ҳақида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакили Шомирза Сафаров қуйидагиларни маълум қилди.
– Фермер хўжаликлари ва ғаллачилик кластерлари билан “Ўздонмаҳсулот” тизимидаги корхоналар ўртасида 2020 йил ҳосилидан давлат харидлари доирасида тузилган контрактация шартномалари миқдори ҳар бир ғалла етиштирувчи учун 25 фоизга камайтирилади, – дейди Ш.Сафаров. – Бунда 1 миллион тоннадан зиёдроқ давлат буюртмаси ҳисобига топшириладиган ғалла миқдори камайтирилиб, 2 миллион 265 минг тонна буғдой уруғлик дон учун амалдаги устама тўлаш тартибини сақлаб қолган ҳолда ички бозорда дон нархлари барқарорлигини таъминлаш чоралари белгилаб берилди.
Мамлакатимиз мустақилликка эришган дастлабки йилдан бошлаб, аҳолини ун ва ун маҳсулотлари билан таъминлаш чораларини кўриш энг муҳим масалалардан бири бўлганлигининг гувоҳи бўлганмиз. Ана шунда пахта майдонлари кескин қисқартирилиб, мамлакат тарихида биринчи маротаба 1 миллион гектардан ортиқроқ суғориладиган майдонга ғалла экилган эди.
Аммо ўша даврларда ғалла агротехникаси, парваришлаш, нав танлаш ҳамда уруғчилик тизими бўйича етарли кўникма ва малаканинг камлиги натижасида ҳар гектардан 20-25 центнердан зиёд ҳосил олиш имконияти бўлмаганлиги ҳам ҳақиқат.
Ана шунда ҳар гектар ғалладан 50-60 центнердан ҳосил олаётган хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш ва уни юртимизга жорий этиш ишлари бошланган эди. Бунда асосий эътибор юқори ҳосил берадиган ғалла навларини ҳудудларнинг тупроқ иқлим шароитларига қараб танлаш, касаллик ва зараркунандаларга қарши чидамли навларини яратишда селекционер олимларнинг изланишларини кучайтириш, илмий-тадқиқот институтларининг ғаллакорлар билан ҳамкорлигини йўлга қўйишга қаратилди.
Натижада Андижон Дон ва дуккакли экинлар уруғчилиги институти ва унинг Қашқадарё ҳамда Ғаллаорол филиаллари ташкил этилиб, янги навлар яратилишига эришилганлиги сабабли ғалладан юқори ҳосил олиш имконияти пайдо бўлди. Четдан қиммат нархларда уруғлик дон олиб келиш амалиётига ҳам барҳам берилди.
Ерга эгалик ҳуқуқи ва ер меники деган тушунча ҳамда меҳр билан қилинган ҳаракат натижасида фермер хўжаликларида ғалла майдонларининг ҳар гектаридан ўртача 50-60 центнердан ҳосил олиш имконияти пайдо бўлди. Ғаллачилик тарихида 2010 йилдан бошлаб, 6-8 миллион тоннадан зиёдроқ ғалла етиштирилиб, ғалла мустақиллигига эришдик.
Лекин ғалла етиштириш ва харид қилишга давлат буюртмасининг белгиланганлиги фермерлар имкониятини чеклаб қўйганлигини ҳам инкор этмаслигимиз керак. Сабаби, ғалла харид нархларининг пастлиги кўп ҳолларда етиштирилган ҳосилга сарфланган харажатни қопламасди.
Бундан ташқари, паст ҳосил берадиган майдонларга била туриб, мажбуран ғалла жойлаштирилиши давлат буюртмасининг бажарилмаслигига, якунида эса фермерга шартнома шартларини бажармаганлиги учун турли таъсир чораларини кўришга олиб келди.
Шу боис 50 минг гектар суғориладиган ғалла майдонларидан паст рентабелли, кам ҳосилли ерлари қисқартирилиб, экспортбоп мева-сабзавот, дуккакли экинлар экиш учун ажратилди. Бу эса фермерларнинг молиявий иқтисодий аҳволининг яхшиланишига, энг унумдор ерларга ғалла жойлаштирилиши эвазига кафолатли ғалла ҳосили олиш билан биргаликда жорий йилга келиб давлат буюртмасининг бекор қилинишининг асосий мезони бўлди.
Қайд этиш керакки, 2020 йил ҳосили учун ўтган йилнинг кузида 1 миллион гектардан зиёдроқ майдонга яхши ният билан барака уруғи қадалди.
Асосий майдонларга ғалланинг серҳосил, касалли ва зараркунандаларга чидамли “Краснодар-99”, “Таня”, “Яксарт”, “Ғозғон” навлар экилиб тўлиқ майса ундириб олинди. Ғалла майдонларининг ҳолатидан келиб чиқиб, февраль ойида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ғалла парваришида “Зарбдор-30” кунлик эълон қилди.
Янги қарорни фермер хўжаликлари ҳам мамнуният билан қабул қилди. Зеро, давлат буюртмасининг бекор қилиниши, фермер хўжаликлари ихтиёрида қоладиган ғаллани ўзлари мустақил тасарруф қилиши хонадонлар тўкинлигига ва қишлоқ фаровонлигига муносиб ҳисса қўшади.
http://uza.uz/oz/society/alla-narkhi-anday-ani-lanadi-09-03-2020