Давлат дастури ва ундан келиб чиқадиган вазифалар муҳокама қилинди

Давлат дастури ва ундан келиб чиқадиган вазифалар муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 6 март куни O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг кенгайтирилган қўшма йиғилиши бўлиб ўтди. Унда “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида” Президент фармони ва ундан келиб чиқадиган вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.

Муҳокамалар жараёнида ушбу дастур халқимиз, фуқаролик жамияти институтлари билан мулоқотлар давомида билдирилган кўплаб таклиф-тавсиялар ҳамда тегишли соҳа мутахассислари ва экспертлар иштирокида чуқур таҳлиллар асосида ишлаб чиқилганлиги алоҳида таъкидланди.

Давлат дастурида белгиланган устувор вазифалар ижросини  таъминлаш эса нафақат ҳар бир давлат ва нодавлат ташкилоти, балки сиёсий партия вакиллари, айниқса, O‘zLiDeP ҳамда унинг депутатлик корпуси зиммасига ҳам жуда катта масъулият юклайди.

Шундан келиб чиқиб, йиғилишда фармоннинг партия дастуридаги вазифаларга ҳамоҳанг жиҳатлари ва ундан келиб чиқувчи вазифаларга тўхталиб ўтилди. Хусусан, фармон билан божхона соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузиш жиноятини биринчи марта содир этган, товар учун тўловни ихтиёрий равишда тўлаган ва божхона расмийлаштирувини амалга оширган шахсларни жиноий жавобгарликдан озод қилиш тартиби жорий этилаётир. Айниқса, янги ташкил этиладиган кичик саноат зоналарига барча зарур инфратузилмаларни етказиб бериш учун кичик саноат зоналарини бошқариш дирекцияларига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағларидан 100 миллиард сўм ажратилаётгани партиямиз электорати бўлган тадбиркорлар учун муҳим янгилик бўлди, дейиш мумкин. Боиси бутун халқимиз, айниқса, унинг энг фаол қатламига айланиб бораётган тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасида белгиланган вазифалар, шубҳасиз, оилалар фаровонлигини таъминлаш билан бирга, юртимиз иқтисодий салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Сўзга чиққанлар фармонда яна бир муҳим масала ечими кўрсатиб ўтилганини таъкидладилар. Жумладан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфига ўтказилган 30 та коллеж базасида, шунингдек, Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида камида биттадан “Ишга марҳамат” мономарказлари ва касбга тайёрлаш марказларини ташкил этиб, уларда, биринчи навбатда, ишсизлар ва камбағал оилалар аъзоларининг тадбиркорлик асослари бўйича ҳамда касбга ўқитилиши таъминланмоқда.

O‘zLiDeP бу борадаги саъй-ҳаракатларни фаол қўллаб-қувватлаган ҳолда ўз Сайловолди дастуридан келиб чиқиб, “Ҳар бир оила – тадбиркор” деган олийжаноб ғояни изчиллик билан ҳаётга тадбиқ этиш, жамиятда фаол  тадбиркорлик маданиятини шакллантириш, мактабдан бошлаб олий таълим муасассаларида ҳам тадбиркорлик тўғрисида дарслар ўтиш, тўгараклар ташкил этиш, жумладан, “Тадбиркорлар академияси”ни, соҳага қизиқаётган ёшлар учун эса консалтинг марказларини ташкиллаштиришга алоҳида эътибор қаратади.

Очиқ ошкора, савол-жавобларга бой тарзда ўтган қўшма йиғилишда, мазкур фармон ва унда белгиланган долзарб вазифаларни оғишмай амалга ошириш, Давлат дастурининг мазмун-моҳиятини аҳолининг кенг қатлами орасида тарғиб қилиш ҳамда унда белгиланган устувор вазифалар самарали ижро этилиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш лозимлиги алоҳида қайд этилди.

Шунингдек, қўшма йиғилиш кун тартибидаги бошқа масалалар ҳам атрофлича кўриб чиқилди.

O‘zLiDeP Матбуот хизмати

http://uzlidep.uz/news-of-party/5997

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram