Мулкдор йўл қўйган хатоларини тузатишини айтди
Ўтган йили мулкдорларимиз 33 минг 200 гектар майдонда томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологиясини ўрнатди. Таҳлилларга кўра, 11 минг 200 гектар пахта майдонларида бундай технологиялар қўлланиши натижасида 40.2 миллион м/куб сув тежалган. Бу эса қўшимча равишда 6 минг гектарда такрорий экинлар экиш имконини берди.
Бу тизимнинг фойдали жиҳатлари, давлат ажратадиган субсидия ҳақида кўп бора айтилса-да, негадир мулкдорларимиз у қадар қизиқиш билдирмаётгани билан қизиқдик.
– Ўзим мисолимда айтадиган бўлсам, томчилатиб суғориш технологияларининг тури жуда кўп ва нархлари ҳам турлича, – дейди Ўрта Чирчиқ туманидаги “National agro products” фермер хўжалиги раҳбари Ҳамид Гаибов. – Узоқ танлашга тўғри келмоқда. Ҳисоб-китоблар асосида ўтган йили 48 гектарда томчилатиб суғоришни йўлга қўйдик. Бунинг учун 35 метр қазиб, ер остига қувур ётқизиб, мотор орқали сув олишни йўлга қўйдик. 120 куб сувни сақлайдиган захира қудуқ ҳам қурдик. Насослар Испания, шланглар Туркия, Италия каби давлатларда ишлаб чиқарилган. Европа мамлакатлари технологиясини танлашимизга сабаб, уларнинг тежамкорлиги инобатга олинди.
Албатта, бунинг ўзига яраша қийинчилиги бўлди. Аммо, мақсади мўл ҳосил олиш, иқтисодий самарадорликка эришиш бўлгани учун жамоа ҳаракатдан тўхтамади. Натижада уруғ, ёқилғи, минерал ўғитлар сарфи борасида олдинги йиллардагидан кўра, ўртача 30 фоиз тежамкорликка эришилди. Бу ҳали биринчи йилдаги кўрсаткичлар. Йилдан йилга ундан янада унумли фойдаланиш имконияти кенгайиб бораверади.
Айни вақтда 280 гектарда фаолият юритаётган мулкдор яна 90 гектарда томчилатиб суғориш технологиясини барпо этиш ҳаракатида. Бунинг учун хорижий компаниялар билан шартнома асосида ишларни бошлаб юборган. Мулкдор бу борада ўтган йилда йўл қўйган хатоларини тузатиш билан бирга ёш фермерларга маслаҳатлар бермоқда.
– Энг аввало, ер таркибини яъни ҳолатини ўрганиш керак экан, –дейди фермер. – Шунга қараб, керакли миқдорда сув таркибига ўғитлар қўшилади. Йўқса, меъёрни билмай қоламиз. Бу эса ҳосилга таъсир қилади. Экинни томчилатиб суғориш билан, ариқдан сув бериш бошқа–бошқа экан. Бирида барча майдонлар нам бўлса, томчилатиб суғорганда, сув фақат экиннинг илдизига юборилгани учун майдон қуруқ бўлиб, доим чанқаб турганга ўхшайди. Бу ҳолатларни эътиборга олган мулк эгалари агротехник тадбирларни ўз вақтида бажарса, кутилган натижани олади.
Қайд этиш керакки, томчилатиб суғориш технологияларини жорий этиш бўйича амалга оширилган ишлар мамлакатимизда энг қадрли неъматга айланган сув ресурсларидан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланишга хизмат қилади. Шунингдек, минерал ўғитлар самарадорлиги 30 фоизгача, ёқилғи 60 фоизга иқтисод қилинади. Сув 1 гектарга 40 — 50 фоизгача, уруғлик чигит 40 фоизга тежалади ва ҳосилдорлик 5-10 центнерга ортади.
http://uza.uz/oz/society/mulkdor-y-l-ygan-khatolarini-tuzatishini-aytdi-24-01-2020