Савдо тармоқларида жуда қиммат, номи эса нотаниш

Савдо тармоқларида жуда қиммат, номи эса нотаниш (видео+)

Мия фаолияти учун жуда фойдали бўлган бу мева таъсирланган ва зўриққан мия ҳужайраларини даволашда ёрдам беради. Шунингдек, улар иштаҳа очувчи ҳисобланиб, ошқозон ва ошқозон ости бези шираси ишлаб чиқаришини кучайтиради у юздаги ажинларни текислаши ва озишда самарали экани айтилмоқда.
Бу қайси мева тури экан дейсизми? Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашида ўтказилган семинарда голубики меваси юртимизда энг қиммат бўлган, гилос етиштиришдан ҳам жозибали ва даромадли бизнесга айланиши мумкинлиги маълум қилинди.
Чакана нархи Украина ва Польшада энг юқори дейилган ҳолда унинг бизга таққослаганда “тишлаб олиши”, яъни голубики мевасининг ўртача нархи — 150 грамм учун 49 минг сўм экани аниқланган. Демак, бир килограмми учун 327 минг сўм ёки 35 доллар атрофида. Қиёслаш учун, Украинада голубики мевасининг бир килограмми 9-12 доллар атрофида экан.

– Грузияда унинг бир килограмми 5 доллар, – дейди “Vanik Agro Group” компанияси раҳбари Ираклию Парцвания. – Жуда фойдали бўлган ушбу резавор ўсимликни юртингизда кўпайтириш ниятимиз бор. Бунинг учун invetro услубидаги лабораторияда кўчатлар етиштирамиз ва плантациялар барпо этамиз. Даланинг ўзида қайта ишлаш заводи ва минг тонналик совутгич бўлади. Голубикини мингдан ортиқ нави бўлиб, юртингизда унинг эртачи-майда, ўртапишар-июнда, кечки-июлда пишадиган турларини кўпайтирмоқчимиз.
Юртимиз супермаркетларида жуда қимматга сотилаётган, бироқ номи кўпчиликка нотаниш бўлган бу мева ҳақида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакили Илёс Еткиров изоҳ берди.
– Бута кўринишида учрайдиган голубики жуда ҳам фойдали ва мазали резавор бўлиб, иқлими мос келган давлатларда саноат миқёсида экиш даромадли бизнес ҳисобланади, – дейди И. Еткиров. – У шўрхок ва ўртача совуқ ҳудудларга жуда мос келади. Ҳозирча, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Бухоро вилоятларида етиштирилади. Унинг баҳоси, фаслга қараб, килограмми учун 3 доллардан 12 долларгача ўзгариб туради. Бир гектарга 3 минг туп бута экилади. Олти йил парваришлангандан кейин голубики меваларининг унумдорлиги ҳар бир тупга 5 килограммга етади.
Ҳозирча Фарғона вилоятидаги Қува туманидан 10 гектар жой ажратилди. Беш-олти йилдан кейин бир мавсумда гектаридан ўртача 16 минг 500 килограмм голубики ҳосилини йиғиб, улгуржи нархи тахминан 3 доллардан сотилади. Бир мавсумда гектаридан 49-50 минг доллар даромад қилиш мумкин.
Албатта, маҳсулотни етиштиришдан олдин уни сотадиган бозорни ҳам албатта ҳисобга олиш керак. Шу нуқтаи назардан “Vanik Agro Group” компанияси энг биринчи талабгор бўлиб турибди. Ўзбекистонда етиштириладиган голубики мевасини Осиё мамлакатлари — Хитой, Гонконг, Сингапур, Малайзия, Вьетнам бозорларига етказиб бериш йўналиши қизиқ бўлиши мумкин.
Тадбирда кўчатни қаердан оламиз деган саволга ҳозирда Грузиялик ҳамкорларнинг тайёр кўчатлари мавжудлиги қайд этилди. Экиш истагида бўлган томорқа эгалари, фермерлар бир ёшдан беш ёшгача бўлган ниҳолларни харид қилиши мумкин. Кўчатлар ёши ва навига қараб баҳоланади ва уларнинг нархи 5-10 доллар атрофида экан.


Сайёра ШОЕВА, Ёқуб МЕЛИБОЕВ, ЎзА

http://uza.uz/oz/society/savdo-tarmo-larida-zhuda-immat-nomi-esa-notanish-video–29-01-2020

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram