Пойтахтда 30 нафар аёл ўзлари қизиққан йўналишда ишга жойлашди
Пойтахтимизда OʻzLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси “Аёллар қаноти” ва партиянинг Олий Мажлис қонунчилик палатасидаги фракцияси Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси мазмун-моҳиятини хотин-қизларга тушунтириш ва унда устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида мулоқот ўтказди.
Унда юртимизда кам таъминланган, етарли даромад манбаига эга бўлмаган аҳоли қатламлари мавжудлиги, уларнинг даромадларини оширишда аҳоли ўртасида замонавий ишбилармонлик ва бизнес кўникмаларини шакллантириш орқалигина юксак мақсадларга эришиш мумкинлиги алоҳида қайд этилди.
– Мурожаатномада барча соҳалар хусусан, халқимиз учун фаровон ва муносиб турмуш шароитини яратиш, айниқса, ёшлар ва аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга алоҳида аҳамият берилди, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги OʻzLiDeP фракцияси раҳбари Актам Ҳайитов. – Шу боис ҳудудлардаги ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, ёшлар ва аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, микромолия хизматлари ва молиявий ресурсларга кенг йўл очиб берилади. Ана шунда одамларимизда тадбиркор бўлишга иштиёқ ва ишонч ортади, улар кўпроқ даромад олишга интиладиган бўлади.
Қайд этиш керакки, меҳнат бозорида тенг рақобатлаша олмайдиган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз фуқаролар билан тизимли иш олиб бориб, уларни касбга қайта тайёрлаш орқали муносиб иш жойи билан таъминлаш чоралари учун 700 миллион доллар жалб қилинадиган бўлди. Бундан ташқари 5,5 минг нафар хотин-қизнинг кичик бизнес йўналишидаги лойиҳаларига 100 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилади. 1 минг 576 нафар хотин-қизга янги уй-жойларга эга бўлиши учун бюджет ҳисобидан бошланғич бадал тўлаб берилади.
Очиқ мулоқотда партия ва унинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси Мурожаатномада қайд этилган ижтимоий тадбиркорлик асослари ва уни рағбатлантириш чоралари тўғрисида тегишли қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда фаоллик кўрсатиши, ушбу қонун лойиҳасини аҳоли кенг қатламлари орасида муҳокама қилган ҳолда аниқ таклифлар олиш лозимлиги таъкидланди.
Шунингдек, Сергели туманида фаолият юритаётган ишбилармон хотин-қизларнинг маҳсулотлар кўргазмаси ҳам ўтказилди. Пойтахтлик тадбиркорлар ташкил этган бўш иш ўринлари ярмаркасида тумандаги ишсиз хотин-қизларнинг 30 нафари ўзлари қизиққан йўналишлари бўйича ишга жойлашди.
http://uza.uz/oz/society/poytakhtda-30-nafar-ayel-zlari-izi-an-y-nalishda-ishga-zhoyl-10-02-2020