Қозоғистон Ўзбекистонга тирик қорамолларни экспорт қилишни тўхтатди.
Қайд этилишича, чорванинг қайта ишлаш ва қайта сотиш учун оммавий экспорт қилиниши гўшт маҳсулотлари нархи ошишига олиб келган. Бундан ташқари, юзага келган вазият Қозоғистонда гўштни қайта ишловчи корхоналар ва мол боқиш майдончалари юкламалари камайишига олиб келган. Умумий ҳисобда, бу корхоналар 2019 йилда ўз қувватининг ярмигагина ишлаган. Бунга асосий сабаб чорва экспорти юқори бўлган вазиятда хом ашё тақчиллиги ҳисобланади.
Шу муносабат билан Қозоғистон қишлоқ хўжалиги ва молия вазирликларининг 2019 йил 21 октябрдаги “Қишлоқ хўжалиги чорва молларини олиб чиқишнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қўшма буйруғига ўзгартишлар киритиш юзасидан ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилган. Ушбу ҳужжат айни вақтда манфаатдор давлат органлари билан келишилмоқда.
Маълумот ўрнида, 2019 йилда Қозоғистон қорамол экспортининг 78 фоизи Ўзбекистонга, 14 фоизи Арманистонга йўналтирилган.
Бу ҳақда Қозоғистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотларига асосланиб, Tengrinews.kz ёзади