Олтиариқда январда ҳам токдан узум узиб ейсиз. Бунинг сири нимада?

Фарғона вилояти Олтиариқ туманини билмаган, унинг миришкор деҳқон ва боғбонлари ҳақида эшитмаган инсон бўлмаса керак. Олтиариқликларнинг ер билан тиллашиб, тўрт фасл давомида етиштирган мева-сабзавотлари бутун Ўзбекистон ва қўшни мамлакатлар дастурхонини тўлдириши тилларда достон.

Сайтимизни доимий кузатиб борувчи муштарийлардан бири бизни Фарғонанинг машҳур туманига таклиф қилиб, «Келинглар, қиш бўлса ҳам токдан яшнаб турган узум узиб бераман», деган гапига ишониб-ишонмай, Олтиариқ томон йўлга чиқдик. Минг бор эшитгандан бир бора кўрган яхши-да.

Туманга кириб боришингиз билан кўчанинг икки бетидаги барча уйларнинг олдида ишкомларни кўрасиз. Уста боғбонлар томонидан кўчатлар остига янги ҳосил учун ишлов берилиб, маҳаллий ўғитлар солиб қўйилган.

 Олтиариқда туғилиб ўсган машҳур ёзувчимиз Анвар Обиджон ўз тумани ҳақида: «Олтиариқликларнинг хушламайдигани – турп экилмаган бўш майдон, бодрингпояга кирган ҳайвон, узумнинг сояси тушиб турмаган айвон», дея бежиз ҳазил қилмаган экан.

 «Чинор таги» маҳалласи боғбонлари узумни май ойигача сақлар экан

 Туман марказидан бир километр узоқликдаги файзли маҳалла. Ҳар бир уйнинг олдида узум ишкомлари бор. Уста боғбон Ҳусанбой Ашуровнинг хонадонига кирдик. У ердаги ҳолат лол қолдирди. Қишнинг иккинчи ойи бўлишига қарамай, ҳовли ўртасидаги токда узумлар осилиб турарди.

 Қушлар, тўрқовоқдаги беданалар сайраб турган хонадонда бошқа фаслга ўтиб қолгандек бўлдик.

Ҳусанбой ака дарвозахона ва уйлари тепасини плёнка билан ўраб, иссиқхона ҳолатига келтирибди.

 «Яхши биласизлар, Олтиариқ – қадимдан уста деҳқонлар, боғбонлар юрти. Бизни ота-боболаримиз ҳам узум етиштирган. Мен эллик йилдан бери узумни узоқ вақт сақлаб сотиш билан шуғулланаман.

 Олдинлари узумни бошқача сақлар эдик. Эски «сақлама» услубимизда унинг банди қуриб қолар эди. Ҳозир эса узумни худди янги узилгандек, бандини кўм-кўк ҳолда сақлаяпмиз. Боғбонлар буни «баклашка услуби» дейди. Бунда пишган узумни калтаги билан кесиб, ўша халқ «баклашка» дейдиган пластик идишга солиб қўямиз.

Сиз хонадонимизда кўриб турганингиз эса, иссиқхона услуби. Уйимизни тепасини ишком усти билан қўшиб плёнка билан ўраганмиз.

 Олтиариққа узумларимизни кўргани турли жойлардан меҳмонлар келади. Токнинг ўзидан узум узиб ейиш улар учун ўзгача жараён. 15 йилдан бери узумни мана шундай сақлаб келамиз. 8 март байрами, Наврўз кунларида кўпчилик келади.

 Кўриб турганингиздек, яхши ҳусайни, қора ва оқ келин бармоқ, қора гўзал, ризамат навли узумларни сақлаяпмиз. Ҳамма навларни ҳам узоқ вақт сақлаш қийин. Токзорларимиз бор. Йилига 100-150та ёғоч яшикларда ҳосил йиғамиз. Даромади ҳам шунга яраша. Четга экспорт қиляпмиз.

 Мана шу тепада турган узумлар қишдан чиқади, февраль ойида иссиқ таъсир қилиб, бироз юмшаб қолади. Март ойида ток янги барглар чиқаради, сўнг янги узумдан нишона пайдо бўлади. Апрель ойигача, узум мевалари тураверади.

 «Яшик»лардаги узумларга келсак. Узумларни октябрь бошида узиб, «баклашка услуби»да сақлаяпмиз. Энди мазкур услубнинг сирини очиб берай: пластик идишни қирқиб, паст томони олинади. Ичига сув қуйиб, узумнинг мевали томонидан калтаги билан қирқиб солиб қўйилади. Калтак сувдан озиқланади ва узум банди янги узилгандек апрель ойининг охиригача кўм-кўк бўлиб тураверади.

 Олтиариқ узумининг бошқа жойда етиштирилган узумлардан катта фарқи бор. Аслида узум республикамизнинг деярли ҳамма жойида бор. Лекин бизнинг узумларнинг мазаси бошқа, асосийси – шираси ортиқ. Лабораторияда текшириб кўришганда Олтиариқ узуми таркибидаги глюкоза миқдори бошқа жойда етиштирилганидан 10 даражагача юқорилиги аниқланган. Бунинг сири, Аллоҳ берган Олтиариқнинг ҳавоси, суви ўзгачалигида бўлса керак», – дейди Ҳусанбой ака.

 Меҳнат қилиб, кафтдек ердан 25-30 миллион сўм топаётган хонадон

 Шу маҳалладаги Фарҳодбек Мансуровнинг хонадонида ҳам бўлдик. Бу боғбоннинг узум сақлаш услуби бошқачароқ экан. Оила аъзолари ҳовлининг бир чеккасидаги бир сотих жойга экилган токлар устини ўсимлик поялари билан ёпиб чиқибди.

Бостирма ичига кириб, ишкомда олтиндек товланиб турган узумларга ҳавасимиз келди. Боғбоннинг катта меҳнати эвазига узум зўр ҳосил қилган. Узумга қилинган меҳнатга яраша даромад ҳам яхши бўлибди. Оила аъзоси Шерзодбек узум сақлаш сирларини гапириб берди.

 «Эрта баҳордан кузгача узумларни яхши парвариш қиламиз. Вақтида қараб, ўғитларни солиб, хомток қилиб, турли дориларини сочиб турамиз. Кузнинг сўнгги ойларида ишкомнинг тепасига поялар ташлаб, ёпилган пояларни шамол учириб кетмаслиги учун ҳар томонидан арқонлар билан мустаҳкам қилиб тортиб чиқамиз. Мабодо қишда қаттиқ совуқ бўлса, кечалари печ ёқилади.

 Ўтган йили охирги марта 5 апрель куни узум сотдик. Биз асосан ҳусайни нави экканмиз. Бир йиллик даромадимиз 25-30 миллион сўмга боради», дейди Шерзодбек.

Боғбон йигит узум узди. Еб кўрдик. Қиш совуғини еган узум доналари қарсиллаб қолибди.

 Деҳқон элни боқади

Ўзбекнинг деҳқонига ер бериб, шароит яратилса, ўзини ҳам, халқни ҳам боқади. Экспортни ҳам йўлга қўяди. Бизни Олтиариққа таклиф қилган Озодбекнинг айтишича, Туркиядан келган савдогарлар ҳатто Олтиариқ узумининг баргини салат учун сотиб олишаётган экан. Бир дона узум баргининг нархи – 500 сўм. Биласиз, узумнинг барги хомток қилинганида ташлаб юборилади.

 Узумчилик жаҳон миқёсида ҳам даромадли соҳа. Дунёнинг 84та давлатида узум етиштирилади. Энг кўп токзорлар – Испания, Италия ва Францияда экан.

 Ўзбекистонда борган сари пахта майдонлари қисқариб, ўрнини боғлар эгалламоқда. Бизнингча, келажаги бор узумчилик соҳасига эътибор қаратиш лозим. Фарғонада бўлиб, ердан бир йилда 3-4 марта ҳосил олаётган, меҳнат қилиб роҳатини кўраётган деҳқонларнинг шароити билан танишдик. Қойил қолмай илож йўқ.

 Олтиариқлик боғбон-деҳқонларнинг миришкорлигини бутун дунёга овоза қилгимиз келди.

 «Бодринг пишиғида яна Олтиариққа келинглар», дея таклиф қилишди. Насиб қилса борамиз. Сиз ҳам қиш кунида узумнинг зўрини токдан узиб емоқчи бўлсангиз, Фарғона томонларга келинг.

 Элмурод Эрматов, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи – Аҳрорбек Ёқубжонов.

https://kun.uz/98521151

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram