Сув таъминоти оғир ҳудудларда аҳоли учун қудуқлар қазилмоқда ва сув чиқарилмоқда.
Бугунги кунда сув таъминоти оғир ҳудудларда ҳам артезиан қудуқларини қазиш орқали аҳоли томорқа ерлари сув билан таъминланмоқда ва ушбу ерларда деҳқончилик қилинмоқда, боғлар токзорлар яратилмоқда, чорва учун озуқа экинлари экилмоқда. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкаамаси-нинг 2018 йил 14 декабрдаги “2019-2020 йилларда сув таъминоти оғир ҳудудларда артезиан қудуқларини қазишга доир чора-тадбирлар тўғрисида” ги 1019-сон қарорига мувофиқ 2019 йилда республика бўйича жами 4876 та, шундан 27 та катта хажмдаги ва 2287 та кичик хажмдаги ва 2562 та качалка усулидаги қудуқлар қазилди ва ишга туширилди.
Муҳтарам Президентимизнинг 2019 йил 18 мартдаги “Чорвачилик тармоғини янада ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4243-сон қарорига мувофиқ ажратиладиган лалми ва яйлов ер участкаларида томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилиш учун озуқабоп экинлар етиштирувчилар давлат томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Жумладан, уларга мазкур ер участкаларида суғориш тик қудуқларини бурғилашга ҳар бир метр чуқурлиги учун 100 минг сўмдан субсидия берилмоқда. Масалан қудуқ казиганда ер ости суви 150 метр чуқурликдан чиққан бўлса тадбиркорга 15 млн. сўм, 200 метрдан чиқса 20 млн. сўм пул маблағи қайтармаслик шарти билан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш Давлат Жамғармаси томонидан берилади.
Чорва озуқаси етиштиришда инновацион технология ҳисобланган ёмғирлатиб суғориш технологиясида сув экинларга томчиларни сепиш, пуркаш орқали етказилади. Бунда ер юзасида хеч қандай сув оқими вужудга келмайди ва бериладиган сув тўлиқ озуқа экинлари ривожи учун сарфланади.
Ушбу технологияни жорий этиш бир мунча қиммат. Шунинг учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 25.10.2019 йилдаги “Қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этишни рағбатлантириш механизмларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4499-сон қарорига мувофиқ ушбу ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий этган фермер хўжаликлари ва тадбиркорларга ҳар бир гектарига 4 млн. сўмдан субсидия ажратиш белгиланган.
Ҳусанжон ҒИЁСОВ,
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бош мутахассиси