Чорва учун озуқа экин майдонларини тўлиқ ажратиб бериш – долзарб вазифа
Кейинги уч йилда мамлакатимизда чорвачилик, балиқчилик ва паррандачилик тармоқларини жадал ривожлантириш, халқимизни арзон ва сифатли гўшт, бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, айниқса, қишлоқ жойларда истиқомат қилаётган фуқароларнинг бандлигини ошириш ва даромадларини кўпайтириш борасида тизимли ишлар амалга оширилди.
Хусусан, бугунги кунда Республикамизда 10 мингдан зиёд чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари фаолият юритмоқда. Статистик маълумотларга кўра уларда 684,6 минг бош қорамол, шундан 234,8 минг бош сигирлар, 2 млн.619 минг бош қўй ва эчкилар, 41,9 минг бош от, 12 млн.337 минг парранда парвариш қилинмоқда.
Уларнинг озуқа экин майдонларига бўлган талаби ўртача 35-40 фоизга таъминланган.
Бунинг асосий сабаби биринчидан озуқа ерларининг миқдори талабга нисбатан кам эканлиги бўлса, иккинчидан, ҳар бир гектар озуқа ер майдонларидан олинаётган ҳосилнинг талабга нисбатан камлигидир. Масалан бир қатор туманларда озуқа ер майдонларидан мақсадсиз фойдаланиш туфайли озуқа ер майдонларининг ҳосилдорлиги пастлигича қолмоқда. Ҳар бир гектар озуқа экинларидан 10-12 тонна ўрнига атиги 5-6 тонна озуқа бирлиги олинмоқда.
Ўзбекистон
Республикаси Президенти раислигида 2019 йил
13-ноябрда Вазирлар Маҳкамасида ўтказилган йиғилишда чорвачиликнинг озуқа
базасини мустаҳкамлаш ва алмашлаб экишни амалга ошириш мақсадида ғалладан ва
пахтадан бўшаган ер майдонларининг камида 10 фоизига беда экиш бўйича топшириқ
берилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қонунчилик палатаси ва сенатининг 2020 йил 22 январь куни бўлиб ўтган қўшма йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштиришда беданинг салмоғи 12 фоиздан кам бўлмаслигини алоҳида таъкидлади.
Демак, 2020 йилда чорвачилик фермер хўжаликларига талаб этилган озуқа ер майдонларини тўлиқ ажратиб бериш, ҳамда қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштиришда беданинг салмоғини 12 фоиздан кам бўлмаслигини таъминлаш зарур.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг етакчи мутахассиси, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Ҳ.Ғиёсов