Давлат томонидан қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш амалиётига 2023 йилда барҳам берилади

Ўзбекистон ҳукумати қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш амалиётидан 2023 йилнинг I чорагида воз кечади.

Фото: Flickr

Бу ҳақда Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини амалга ошириш бўйича «йўл харитаси»да қайд этилган. Стратегия 23 октябрь куни президент имзолаган фармон билан тасдиқланди.

Стратегияга асосан, экинларни давлат томонидан жойлаштириш амалиётига чек қўйишдан олдин – 2022 йил III чорагида – қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини интенсификация қилишни рағбатлантирувчи қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш тизимига тўлиқ ўтилади.

Бундан аввал, яъни 2021 йилда:

– агросаноат мажмуида давлат-хусусий шериклик механизмларини ривожлантиришга йўналтирилган қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқилади;

– фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишловчи корхоналарга моддий-техника ресурсларини етказиб бериш ва хизматлар кўрсатиш соҳасидаги ностратегик давлат корхоналари хусусийлаштирилади;

– давлат кредит маблағлари ҳисобига моддий-техника ресурслари етказиб бериш ва хизматлар кўрсатиш амалиётидан воз кечилади;

– агросаноат мажмуи субъектлари ўртасидаги савдо муносабатларининг  барқарор ривожланишига кўмаклашиш учун стандартлаштирилган бўнак шартномалари тажриба сифатида жорий этилади.

https://kun.uz/news/2019/10/27/davlat-tomonidan-qishloq-xojaligi-ekinlarini-joylashtirish-amaliyotiga-2023-yilda-barham-beriladi

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram