Чинозда етиштирилган илк органик пахта жаҳон бозорига чиқиш сертификатига эга бўлди
Тошкент вилоятидаги «Textile technologies group” корхонасига қарашли Чиноз пахта тўқимачилик ишлаб чиқариш кластери майдонида илк бор органик пахта етиштирилди.
–Органик пахтани етиштириш жаҳон бўйича кенг тарқалган, – деди Чиноз пахта тўқимачилик ишлаб чиқариш кластери мутахассиси Турсунбой Комилов. – Албатта, биз учун бу иш янгилик. ЎзФА олимлари ва хорижлик мутахассислар ҳамкорлигида бу йил шу ишга қўл урилди. Ҳозир Чиноз туманининг 217 гектар майдонида илк бор органик пахта етиштирилди. Органик пахпа парвариши учун кимёвий ва минерал ўғитлар ишлатилмай, аксинча, биомаҳсулотлар ишлатилди. Кутилган натижа эса аъло даражада. Ҳосилдорлик ҳам юқори, ҳар бир гектаридан 30 центнердан ҳосил олинмоқда. Ҳатто органик пахта чигитидан экологик тоза ёғ олиш имконияти ҳам пайдо бўлди. Энг муҳими, жорий йилнинг октябрь куни биз етиштирган органик пахта халқаро экологик талабларга тўлиқ жавоб бериши тўғрисида сертификатга эга бўлди. Энди бунинг натижасида маҳсулотни жаҳон ва Европа бозорига экспорт қилиш имкони пайдо бўлади.
Етиштирилган органик пахтанинг сифат даражасини аниқлаш мақсадида Болгариядан юртимизга келган “Control union” ташкилоти инспектор-аудитори Екатерина Томева маҳсулотга юқори баҳо берган. Унинг фикрича, маҳсулотдан нафақат олий навли тола, балки чигитидан экологик тоза пахта ёғи олиш мумкин. Маҳсулот жаҳон ва Европа бозорида сифати бўйича бозордаги нархи бир ярим баробар қўшимча қийматга эга.
Бу маҳсулот ҳақида яна бир муҳим маълумот шуки, жорий йилнинг 8 октябрида Чинозда етиштирилган органик пахта Европа бозорига чиқиш сертификатига эга бўлди.
“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ва мазкур корхона ҳамкорлигида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун уюштирилган пресс-тур жараёнида бу каби ютуқлар ҳақида маълумот берилди
Улар кластер майдонида етиштирилган органик пахта ҳосилини ўз кўзлари билан кўрди ҳамда теримчилар билан суҳбатда бўлди.
Танишув пайтида журналистларга маълум қилишича, келгуси йил 1150 гектар ерда органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш кўзда тутилган. Шундан 600 гектарида органик пахта, қолган майдонида эса органик буғдой етиштириш режалаштирилмоқда.
Органик пахта ҳосили ҳақида маълумотлар олган ОАВ вакилларини ташкилотчилар “Textile technologies group” масъулияти чекланган жамияти хорижий корхонасига таклиф қилди.
Корхонада чиндан ҳам иш қизғин экан. Беш юз нафар ишчи-ходимдан иборат жамоанинг аксариятини ёшлар ташкил этади.
Ушбу “Тextil Technologies Group» МЧЖ шаклидаги хорижий корхона 2010 йилда ташкил этилган бўлиб, у 2013 йилдан бошлаб ўз ишлаб чиқариш фаолиятини бошлаган. Асосий фаолияти калава ип ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Корхонанинг йиллик қуввати 5400 тоннани ташкил этади. Корхонада ишлаб чиқарилган маҳсулотлар Хитой, Туркия, Эрон, Корея давлатларига, шунингдек, Россия, Беларусь ва Қирғизистонга экспорт қилинади.
–Давлатимиз томонидан тўқимачилик саноатини ривожлантиришда кластер фаолиятини кенг жорий қилишга катта эътибор қаратилмоқда, –деди мазкур корхона директори Дилшод Тожибоев. – Шундан келиб чиқиб, биз учун Тошкент вилояти Чиноз туманида кластер асосида пахта хом ашёсини етиштириш мақсадида 7 минг гектар ер майдон ажратилди. Ушбу ер майдонидан 5 минг 700 гектарда Чиноз фермер хўжаликлари билан тузилган контрактация шартномалари асосида ва 1 минг 300 гектарда кластер асосида пахта ҳосили етиштирилмоқда.
Таъкидлаш керакки, корхона жамоасининг келгуси режалари янада улкан. Масалан, корхонанинг фаолиятини такомиллаштириш учун 11 лойиҳани босқичма-босқич амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Бунда пахтани етиштиришдан то тайёр маҳсулотгача қайта ишлаш технологияларни жорий этиш режалаштирилган.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
http://uza.uz/oz/society/chinozda-etishtirilgan-ilk-organik-pakhta-zha-on-bozoriga-ch-15-10-2019