Энди Андижонда киви етиштирилади
Бугунги кунда дастурхонимизда турли – цитрус-экзотик меваларинг тортилишига ўрганиб қолдик. Худди шундай мевалардан бири – киви меваси бўлиб, бугунги кунда барчамиз севиб истеъмол қиладиган ”хазми-таом”дан бирига айланди. Лекин, бугунги кундаги бу мева мамлакатимизга деярли тўлиқ импорт қилинади. Бу маҳсулотга нафақат бизнинг мамлакатимизда, балки бутун дунёда талаб жуда катта. Бунинг сабаби ушбу меванинг одам организми учун керакли бўлган микроэлемент, витаминларга бойлигидир. Европа Иттифоқида ушбу маҳсулот импорти учун барча квоталар бекор қилингани ҳам фикримизниг далилидир.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан бу сервитамин мевани маҳаллийлаштириш устида амалий ишлар бошланди. Хусусан, Кенгашнинг мутахассислари бу борада хорижий тажрибаларни ўрганиш мақсадида Украинага бориб, бу мевани етиштиришнинг замонавий технологиялари билан танишиб, ўзимизнинг иқлим шароитида етиштириш борасида музокаралар ўтказдилар.
Украинада бўлган мутахассислар у ерда 20-30 даража совуққа чидамли “Карпат Стротан Валентайн” навли киви кўчатларини Андижон вилоятида етиштириш борасида келишувга эришдилар. Ҳозирги кунда Украина давлатида етиштирилаётган киви кўчатлари маҳаллий харидорлардан ташқари, Европа Иттифоқининг – Словакия, Венгрия давлатларига ҳамда Тожикистон Республикаси фермерларига етказиб берилмоқда.
Ўрганишлар ва музокаралар якунига кўра “Кiвi Карпат Стротана” МЧЖ директори В.В.Пащенко ва Андижон вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Б.Қодировлар “Карпат Стротан Валентайн” навли киви кўчатларини Ўзбекистонга етказиб беришни йўлга қўйиш юзасидан хамкорлик шартномасига имзо чекишди.
Андижон вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши кўмагида етиштириладиган киви кўчатлари республикамизнинг бошқа ҳудудларига ҳам етказиб берилади. Буларнинг барчаси халқимиз дастурхонининг фаровон бўлишига хизмат қилади.
Маркетинг ва экспортга кўмаклашиш бўлими бошлиғи
Н.Мирабдуллаев