Сирдарёда агротехникасиз, чопиқчилар меҳнатисиз ҳам баравж ўсаётган ғўза майдони бор
Фото: «Халқ сўзи»
“Халқ сўзи Online”. Аҳмадали Шерназаров/Сирдарё. Сирдарё туманидаги “Пенг Шенг” қўшма корхонасининг 150 гектар пахта майдонида томчилатиб суғориш йўлга қўйилганлиги туфайли одатдаги агротехник тадбирларни ўтказишга ҳожат қолмаяпти. Қолаверса чигитнинг плёнка остида амал олдирилганлиги ҳам бу борада муҳим омил бўлди. Далага фақат суспензия – яъни барглардан озиқлантириш учунгина трактор киритилмоқда. Маълум бўлишича, ўтган йилда шу усулда парваришланган 50 гектар майдондаги пахта ҳосилдорлиги 50 центнерга етган. Энг муҳими, олинган хом ашёнинг таннархи анъанавий тарзда парваришланган пахта майдонлари ҳосилиникига нисбатан анча арзонлашган.
Мутахассисларнинг айтишича, айни чоғда томчилатиб суғорилаётган ғўзалар ривожи ҳудуддаги бошқа майдонлардагидан анча олдинлаб кетган. Яъни бу ерда улар шоналаб, гуллаш босқичига ўтди.
Плёнка ва томчилатиб суғориш туфайли бегона ўтларни йўқотиш, экин тагини юмшатиш каби агротехник тадбирларга ҳам зарурат қолмади. Озуқаларнинг асосий қисми эса ҳар бир туп экин илдизига сув орқали узатилмоқда.
-Томчилатиб суғориш технологиясининг сувни тежаш билан бирга ундан самарали фойдаланишни тўлиқ кафолатлашини амалда кўрдик, – дейди Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси мутахассиси Ғуломжон Сулаймонов. – Яъни томчилатиб суғоришда одатдагига нисбатан 35-40 фоиз сувни тежаш мумкин экан. Қолаверса, бунда ирригация тармоқларидаги оқим орқали йўқотишлар ҳам барҳам топади.Яна бир жиҳат, томчилатиш усулида суғориш тармоқлари ишдан чиққан, сув қийинчилик билан етказиладиган майдонлар билан боғлиқ муаммоларнинг ечими ҳам мавжуд. Амалдаги ускуна орқали 150 гектаргача майдондаги экинни суғориш мумкин. Ускуна бир нафар оператор томонидан бошқарилади. Сувчиларнинг меҳнати енгиллашиб ва суғориш давомийлиги ҳам қисқаради. Ва қисқа муддатларда катта майдонлардаги экин керакли меъёрдаги сув билан таъминланади.
Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармасидан олинган маълумотларга кўра,жорий йилда Мирзаобод туманидаги “Mirzaobod Universal Trade Cluster” масъулияти чекланган жамиятида 150 гектардаги ғўзалар ҳам томчилатиб суғорилмоқда. Бу усулни қўллашда Туркия технологиясидан фойдаланилмоқда. Эътиборлиси,томчилатиб суғориш ускуналари ўзимизда ҳам тайёрланиб, айни чоғда синовдан ўтказилаётир.
Маълумот учун, мазкур йилда Сирдарё вилоятида 868 гектар пахта майдонида томчилатиб суғориш жорий қилинмоқда. Келгуси йили эса бу кўрсаткич 1536 гектарга етказилиши кутилаётир. Фермерлардаги ҳар жиҳатдан тежамкор ва самарали бўлган бу усулга бўлган қизиқиш эса тобора ортиб бораётир. Бинобарин, шу йилнинг ўзида 12 та фермер хўжалиги суғоришнинг ана шу усулини қўллай бошлади. Томчилатиб суғоришни танлаган фермер хўжаликларига 8 миллион сўмдан субсидия ҳам берилаётир.