Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига нисбатан белгиланган ҚҚС имтиёзлари бекор қилинмоқда
Ўзбекистон Президентининг «Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» ги фармони лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.
Лойиҳага мувофиқ, жорий йил 1 октябрдан бошлаб хўжалик юритувчи субъектлар ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига ва Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан белгиланган қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар бекор қилинади .
2019 йил январь ойидан август ойигача 1 миллиард сўмдан ортиқ пул айланмаси (тушуми)га эга бўлган ёки 50 гектардан ортиқ қишлоқ хўжалиги мўлжалланган ер майдонларига эга бўлган ягона ер солиғи тўловчилар қўшилган қиймат солиғи тўловчилари айланиши кутилмоқда ва белгиланган тартибда қўшилган қиймат солиғини тўловчи сифатида рўйхатдан ўтишлари шартлиги таклиф қилинди.
Бунда, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб белгиланган пул айланмаси (тушуми) чегара даражасига етган ягона ер солиғи тўловчилар ушбу даражага эришилган ойдан кейинги ойнинг 1 санасидан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтади.
Пахта хом ашёсини ишлаб чиқарувчилар 2019 йил ҳосилидан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтиши мумкин. Бунда, уларга 2019 йилдаги пахта хом ашёсини етиштириш учун ишлатилган ва 2018 йилнинг 1 октябридан кейин ҳақиқатда олинган товарлар (иш, хизматлар) учун тўланган қўшилган қиймат солиғи суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқи берилади.
Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотлари қисми бўйича қўшилган қиймат солиғидан имтиёзга эга бўлган юридик шахсларга имтиёздан воз кечиш тўғрисида хабарнома бериш асосида, ушбу хабарнома берилган ойдан кейинги ойнинг 1 санасидан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлаш ҳуқуқи берилсин.