Сенат яйловлардан фойдаланишни кўзда тутувчи қонунни маъқуллади
Мамлакатда мавжуд 21 млн. гектар яйлов майдонларининг 78 фоизи деградацияга учраган. Қолган майдонларда ҳам аҳвол яхши эмас, деб маълумот берди сенатор Одилжон Иминов.
Таъкидланишича, 20 фоиздан ортиқ майдондаги яйлов ва пичанзорларда ўсимликлар сони ва турлари камайиб, маҳсулдорлик 2 баробарга, жумладан озуқа экинлари ҳосилдорлиги гектарига ўртача 2 центнерга қисқарган.
«Деградацияга учраган яйловларни аниқлаш, тиклаш ҳамда ҳосилдорлигини ошириш борасида деярли бирор бир амалий иш қилинмаган. Ўтган асрнинг 90-йилларида яйловларимизда 270тадан зиёд ўсимлик тури учраган бўлса, бугунги кунга келиб уларнинг 42 тури қолган, холос», – дейди сенатор.
Гўшт нархининг кескин ошиб кетишига сабаб бўлаётган чорва учун ем камлиги, яйлов ҳолати ва танқислиги батафсил айтиб ўтилди.
«Бу каби муаммоларнинг ҳал этилмасдан қолаётганини яйловлардан фойдаланишнинг ягона ҳуқуқий механизми яратилмаганлиги, бу борада давлат бошқаруви органларининг ваколатлари аниқ белгиланмаганлиги билан ҳам изоҳлаш мумкин», – дея қайд этади Иминов.
«Яйловлар тўғрисида»ги Қонун шу каби муаммоларни самарали ҳал этиш, жумладан яйловлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишнинг яхлит ҳуқуқий асоси шаклланишига хизмат қилиши кутилмоқда. Хусусан, 31 моддадан иборат мазкур қонунда яйлов тушунчасининг ҳуқуқий мақоми, уларни муҳофаза қилиш, ривожлантириш каби қатор масалаларга оид нормалар акс этган.
«Давергеодезкадастр» давлат қўмитаси яйловлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга ошириши, яйловларни инвентаризациядан ўтказиши ва мониторингини юритиши, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бу борада экологик экспертиза ва экологик назоратни амалга ошириши, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси эса ўрмон фонди ерларида яйловлардан фойдаланиш, жумладан пичан ўриш ва чорва молларини ўтлатиш тартиб-таомилларини белгилаши ҳамда чорвани ўтлатиш учун участкалар бериши назарда тутилган», – дейди сенатор Иминов.
Қонунда яйловлардан фойдаланишга доир масалалар, яъни фойдаланиш ҳуқуқи, фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, фойдаланиш нормалари, муддатлари ва шу каби бошқа муҳим жиҳатлар алоҳида нормалар билан белгиланган.
https://kun.uz/news/2019/05/03/senat-yaylovlardan-foydalanishni-kozda-tutuvchi-qonunni-maqulladi