“Доно фермер” ўқув маркази ҳақида биласизми?
Тўғри, ҳозирча бу марказ ҳақида билмайсиз. Бироқ, ҳадемай унда малака оширишни истовчи мулкдорлар сони ортишига шубҳа йўқ.
Ана шу мақсадда Тошкент давлат аграр университетида Жанубий Кореянинг KCOOPS AGRO Халқаро ташкилоти вакиллари билан учрашувлар бўлиб ўтди.
Натижада Тошкент давлат аграр университетида Доно фермер (Smart Farmers) ўқув маркази ташкил этилиши бўйича келишилди ва икки томонлама шартнома имзоланди.
2019 йилнинг сентябридан фаолиятини бошлайдиган ўқув марказида юртимиз мулкдорлари Жанубий Кореянинг илғор инновацион технологиялари асосида мева ва сабзавот етиштириш бўйича қисқа муддатли ўқув курсларида иштирок этади. Бу ўз навбатида Ўзбекистонда юқори сифатли мева-сабзавотларни етиштириш ҳажмини ошириш ва уларни экспорт қилиш борасидаги имкониятларни янада кенгайтиришда қўл келади.
Шунингдек, университет ўқув – тажриба станциясида 0,3 гектар қулупнайзор ташкил этишга мўлжалланган инновацион иссиқхона қуриш бўйича ҳам келишиб олинди.
Қайд этиш жоизки, юртимизда бошқа соҳаларда бўлгани каби агар олий таълим тизими ҳам жадал ривожланмоқда. Хусусан, халқаро ҳамкорлик борасида самарали тадбирлар йўлга қўйилган бўлиб, дунёнинг турли мамлакатларининг етмишдан ортиқ олийгоҳлари ва илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорлик қилинмоқда.
Сайёра Шоева, ЎзА