Ирмоқлар қўшилса, дарё бўлур …
Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар халқимизнинг фаровон ҳаёт кечириши фуқароларимизга берилган имтиёзлардан унумли фойдаланиш учун зарур шарт-шароитлар яратилди.
Меҳнат фаолиятимиз сабабли юртимизнинг барча ҳудудларида хизмат сафарида бўлганман. Жойларда фермер, деҳқонлар ва томорқа ер эгалари билан олиб борилаётган юмушларни кўрганда одамлар давлатимиз раҳбарини қишлоқ хўжалигида олиб бораётган серқирра ислоҳотларига қанот бўлаётганига гувоҳ бўлмоқдаман.
Қишлоқ хўжалигида фермер, деҳқон хўжаликларига яратилаётган имкониятлар, берилаётган кичик фоизли кредитлар, қолаверса туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари қошида ташкил этилган “Томорқа хизмати”, Фермер, деҳқон ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан томорқа ер эгаларига берилаётган 7 фоизли кредитлар ёрдамида ташкил этилаётган, интенсив ва ярим пакана боғлар, 2 сотихли узумзорлар, бир сотихли иссиқхоналар томорқа эгалари даромадини оширишда қўл келмоқда.
Мисол учун, яқинда Самарқанд вилояти Иштихон тумани кенгашида бўлиб, уларнинг тажрибаси билан танишдим. Кенгаш ташаббуси билан “Иштихон томорқа хизмати-1”, “Иштихон томорқа хизмати-2” масъулияти чекланган жамиятлари ва тижорат банкларидан олинган кредитлар ҳисобдан 10 мингдан ортиқ томорқа ер эгалари иссиқхона ҳамда ярим пакана боғлар яратди. Демак, 10 мингта оила аъзолари меҳнат билан банд. Ҳақ-ҳуқуқларидан тўғри фойдаланиб, ҳужжатларни белгиланган тартибда расмийлаштирса, улар иш стажига ҳам эга бўлади. Асосийси, оилада қўшимча даромад, маҳсулотларнинг ортиқчаси ички бозорга чиқарилади. Албатта, маҳсулот етиштирувчилар сони ошса, рақобат кучайиб, нарх-наво арзонлашади.
Энг асосийси, оилада фаровон турмуш учун замин яратилади. Оила аъзоларининг орзуларини амалга ошиши учун молиявий имкониятлар ошади. Қайд этиш жоизки, юртдошларимиз қуён, балиқ етиштириш орқали ҳам яхшигина даромад кўрмоқда. Мисол учун, яқинда Тошкент вилояти Оҳангарон туманида истиқомат қилувчи Саломат Каримованинг хонадонида бўлдик. Хонадон эгалари 2016 йилда икки жуфт наслли қуён сотиб олиб, қуёнчилик сир-асрорларини ўрганди. Ветеринария мутахассислари билан биргаликда қандай хавфли ҳолатлар бўлиши мумкинлигини, қуёнларни соғлом ўстириш, улар кўпайиш ҳолатлардаги талаблар нимадан иборатлиги, қўйингки, қуён билан боғлиқ барча тажрибалар билан танишди. Қарангки, айни вақтда томорқасида икки мингдан ортиқ қуёнлардан иборат қуёнчилик фермасини ташкил этди. Айни вақтда маҳалладошларини ҳам бу ишга жалб этиш учун бир нечта қўшниларига икки жуфтдан қуён ҳадя этиб, уларга ҳам қуёнчилик сирларини ўргатаётгани таҳсинга лойиқ.
Ғайрати тўлиб-тошган тадбиркорнинг ўз шиори бор: “Руҳан тушкунликка тушмаслик, фақат олға интилиш”. Саломат опанинг айтишича, қуён боқиш учун сарфланган харажатлар ўзини бемалол оқлайди. Қуён гўштининг биологик қиймати, юмшоқлиги ҳамда ёғ ва холестерин моддаси камлиги сабаб тиббиётда аллергия, гипертония, ошқозон-ичак, меъда, ўт-пуфак, жигар касалликларини даволашда фойдали. Момиғидан тайёрланган буюмлар неврология, радикулит билан оғриган беморларга тавсия этилади. Момиғи иссиқни сақлаш хусусиятига кўра, қўй жунидан 10 баробар устун.
Айни вақтда ушбу тажрибани оммалаштириш мақсадида Тошкент вилоятидаги қуёнчилик билан шуғулланувчилар ва қизиқувчиларга Саломат Каримованинг тажрибаси оммалаштирилмоқда. Ҳар бир туманда минглаб томорқачилар шу ишни ташкил этганда қандай фойда кўриши мумкинлиги тўғрисида опа завқланиб гапирганда, ҳар бир суҳбатдош кўнглида албатта, имкон топиб бу ишни бошлаши муҳимлигини сезади.
Қайд этиш жоизки, қуён боқиш мамлакатимиздаги энг сердаромад соҳалардан бирига айланиб бораётгани бежиз эмас. Гўшти ва терисининг харидорбоплиги, етиштириш шарт-шароитининг осонлиги ва катта харажат талаб этмаслиги қуёнчилик билан шуғулланиш истагида бўлган киши учун айни муддао. Мана шунинг учун ҳам қуёнчилик чинданда истиқболли тармоққа айланмоқда. Томорқачиларнинг бошқа соҳадаги ютуқлари ҳам кун сайин ортиб боришига ишонамиз.
В.Латипов,
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бош мутахассиси.
ЎзА