Томорқадаги миллионлар
ёки дунёга машҳур ноёб гулларни маҳаллий шароитга мослаштириш ва кўпайтириш орқали мўмай даромад олаётган оила
Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани “Катта Қайнар“ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи Ғиёсиддин Шерғозиевлар оиласи ўтган йили “Энг ибратли оила” кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолиби бўлди.
Ҳар бир оиланинг тўкис ва фаровон турмуш кечиришида тотувлик, ҳамжиҳатлик ва меҳнатсеварлик каби фазилатларнинг ўрни беқиёс. Бу хонадонда бўлган киши ана шуларни ҳис этади. Ландшафт архитектураси асосида барпо этилган муҳташам ҳовлидаги анвойи гуллар ифори, шарқона услубдаги уйлар, ўзимизда ва хорижда ишлаб чиқарилган бренд автомашиналар оила ўз меҳнати самарасидан нечоғли баҳраманд бўлиб яшаётганидан далолатдир.
Беш фарзанд ва уч набиранинг бобо-бувиси бўлган Ғиёсиддин ва Лолахон Шерғозиевларга гулчилик бобо мерос касб. Ота-боболари оддий меҳнат билан тирикчилик ўтказган бўлса, замонавий илм-фан ютуқларидан унумли фойдаланаётган бугунги авлод эришаётган ютуқлар таҳсинга лойиқ. Хонадон томорқасидаги мўъжазгина иссиқхоналарда пальма, виола, питония, магнолия, атиргул сингари 100 дан ортиқ турдаги мавсумий ва кўп йиллик гулларни парваришлаш йўлга қўйилган.
Томорқанинг бир қисмида Голландия, Италия давлатларидан, шунингдек, бошқа қитъалардан келтирилган ноёб гул ва арчаларнинг бир неча тури уруғидан кўпайтирилади, махсус жойларда парваришланади, маҳаллий иқлим шароитига мослаштириш учун илмий-амалий тажрибалар олиб борилади. Қўқон шаҳри атрофидаги туманлар ҳамда Андижон вилоятида қўшимча 15 та иссиқхона ташкил этилиб, 50 та иш ўрни яратилган.
– Ҳаётий тажриба ва илмий изланиш туфайли жаҳон бозорида бренд мақомига эга гулларни ўзимизнинг шароитга мослаштиришга муваффақ бўлдик, – дейди оиланинг учинчи фарзанди Иқболжон Шерғозиев. – Мисол учун, энди пальма гулларини вилоятимизнинг барча ҳудудларида парвариш қилиш мумкин. Юртдошларимиз бир туп пальма кўчатини 1,5 миллион сўмгача нархда сотиб олишмоқда. Шу билан бирга, аҳоли хонадонлари, корхона-ташкилотлар ҳудудларини ландшафт архитектураси асосида безаб бериш хизматини ҳам йўлга қўйганмиз.
“Катта Қайнар“ маҳалла фуқаролар йиғинидаги 500 хонадонда 2 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Фуқаролар йиғини раиси Абдумалик Рўзматовнинг айтишича, Шерғозиевлар оиласи ҳудуддаги мактаб, мактабгача таълим муассасаси, маҳалла ҳудудини обод ва кўркам қилишга доимий равишда ҳомийлик ёрдами кўрсатиб келади. 2015 йили Ғиёсиддин ва Лолахон Шерғозиевлар ҳаж зиёратига бориш учун жамғарилган 100 миллион сўмдан зиёд маблағни маҳалла аҳлини тоза ичимлик суви билан таъминлашга сарфлади.
Ҳа, томорқа чин маънода мўъжиза, улкан даромад манбаи экани биргина шу оила мисолида аллақачон ўз исботини топган.
Айни пайтда Шерғозиевлар оиласи маҳалла марказида гул етиштириш мақсадида замонавий мажмуа бунёд этиш орқали 200 та янги иш ўрни яратишни режалаштирмоқда. Ўзига хос меъморий ечимга эга бўладиган ушбу мажмуа маҳаллага яна кўрк бағишлаши табиий.
Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА