Мутасаддилар томорқасини экишга ҳозирламаган хонадон эгаларига огоҳлантириш хатлари бермоқда
Огоҳлантириш хатида экинларни экиш муддати кўрсатилган бўлиб, шу муддатларда экин экилмаса, икки марта огоҳлантиришдан кейин солиқ идорасига тақдимнома киритилади ва улар солиқ юкини икки баробар тўлаш бўйича жаримага тортилади.
– Томорқа ерларидан унумли фойдаланиб, 2-3 марта ҳосил олган уй эгалари эса солиқдан бир йилга озод бўлади. Бундай чоралардан қандай мақсад кўзланган?
– Бунинг замирида ҳар бир хонадон томорқадан 2-3 марта ҳосил олиб, яхши даромад олсин деган хайрихоҳлик бор, – дейди Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бўлими бошлиғи Баҳодир Юсупов. – Шу боис барча ҳудудлар кесимида ишчи гуруҳлари ташкил этилган. Бир қатор ташкилотлар вакиллари билан уйма-уй юриб, томорқадан фойдаланиш ҳолатини ўрганмоқдамиз. Бунда ҳар бир хонадонда қандай экин экилиши, экилган бўлса, уларнинг ҳолати, қанча дарахт кўчатлари экилгани ҳисоб-китоб қилинмоқда. Агар экилмаган бўлса, сабаблари жойида ўрганилмоқда. Чоралар кўрилмоқда.
Халқимиз меҳнаткаш. Буни инкор этиб бўлмайди, аммо халқимизда ҳар ким ўзидан ўтганини ўзи билади, деган нақл бор. Шу боис бировни айблашдан аввал уларнинг ҳолатини ўрганиш керак назаримда. Балки хонадон эгаларининг экин экишда имконияти чекланган бўлиши мумкин? Уларнинг маблағи етмаётган бўлиши ҳам мумкин…
– Тўғри, – дейди Б.Юсупов. – Шу боис хонадонма-хонадон юриб, уларнинг моддий ва маънавий ҳолати тизимли равишда ўрганилмоқда. Айрим хонадон эгаларида боқимандалик кайфияти ҳам кузатилмоқда. Шундай бўлса-да, улар нега боқиманда, нега экин экишни хоҳламайди? Бу саволларга жавоб тизимли равишда ўрганилиб, хонадонларга “Томорқа хизмат” жамиятлари орқали уруғлик, кўчат етказиб берилмоқда. Ҳудуддаги фермер хўжаликларини хонадонларга, боқувчисини йўқотган оилаларга ёшларни бириктириш чоралари кўрилмоқда.
Жорий йилдан эътиборан, томорқа экинларини жойлаштиришда ҳудудларнинг тупроқ – иқлим шароити ва хонадон эгасининг истаги ҳам ҳисобга олинар экан. Мисол учун, Олтиариқ аҳолиси узум, турп ва бодрингдан, Ангор тумани аҳолиси эса карамдан мўл ҳосил етиштириш кўникмасига эга. Мазкур экинлар маҳаллалар кесимда жойлаштирилмоқда. Хусусан, Шеробод тумани кўкат, анор, Янгийўл тумани кўкат, Булунғур картошка етиштиришга ихтисослашиши кутилмоқда.
– Кузда 97 минг гектарда тўқсонбости усулида экилган экинлар айни кунларда пишиб етилмоқда, – дейди Б.Юсупов. – Ўтган йили хонадонларда 80 мингтадан ортиқ иссиқхоналар барпо этилиб, лимон, помидор кўчатлари экилган. Шунингдек, Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида мингдан зиёд хонадон эгалари ўтган йили интенсив дарахт кўчатлари эккан эди. Мазкур қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, энг аввало, ички бозорга ортгани ташқи бозорга йўналтирилади. Бу дегани ҳар бир хонадоннинг даромади ошади дегани.
Мақоламиз сўнггида томорқа эгаси ердан фойдаланишни истамаса, қўшниси эса у ерда деҳқончилик қилиш таклифини берса, қандай ечимга келинади, деган саволни мутахассисга бердик.
– Бундай ҳолат амалиётда учрагани йўқ, – Б.Юсупов. – Ҳозирда шу йўналишдаги таклифларни Адлия вазирлигига берганмиз. Бу талаб қонун нуқтаи назаридан кўриб чиқилади. Агарда бу борадаги қонун кучга кирса, буни қўллаймиз. Мақсадимиз ер ва сувдан унумли фойдаланган ҳолда ҳар бир хонадонда даромад ошишини таъминлаш.
Сайёра Шоева, ЎзА
http://uza.uz/oz/society/mutasaddilar-tomor-asini-ekishga-ozirlamagan-khonadon-egalar-20-02-2019