O'zbekiston|12/05/2026, 09:33

Аграр соҳада янги қўллаб-қувватлаш тизими:

Аграр соҳада янги қўллаб-қувватлаш тизими:

Пахта ва буғдой етиштирувчиларга кредит фоизлари қоплаб берилади ва дизель ёқилғиси субсидияланади

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлаган ҳолда уларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. 

Президентнинг янги қабул қилинган 2026 йил 8 май кунидаги “Пахта ва буғдой етиштирувчиларни молиявий қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–82-сонли Фармони соҳа ривожида муҳим бурилиш палласи бўлди.

Мазкур ҳужжат билан 2026 йил ҳосилидан бошлаб деҳқон ва фермер хўжаликларининг молиявий юкини енгиллатишга қаратилган иккита йирик механизм йўлга қўйилмоқда:

1. Имтиёзли кредитлар бўйича фоиз компенсацияси

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Аграр соҳада тўловлар Агентлиги томонидан пахта ва буғдой етиштириш харажатлари учун ажратилган кредитларнинг фоиз ставкалари тижорат банкларига қуйидаги тартибда қоплаб берилади:

Шартнома муддатида қайтарилган кредитлар учун: Кредит бўйича тўланган фоиз тўловларининг 2,5 фоизлик пункти компенсация қилинади.

Ҳосил йили якунига қадар (31 декабргача) қайтарилган кредитлар учун: Кредит тўловларининг 5 фоизлик пункти миқдоридаги маблағ хўжаликларга қайтарилади.

 2. Дизель ёқилғиси сотиб олиш учун давлат субсидияси

Дала ишларини унумли ташкил этиш ва моддий харажатларни камайтириш мақсадида айрим қишлоқ хўжалиги корхоналарига дизель ёнилғиси сотиб олиши учун давлат бюджетидан субсидиялар ажратилади.

Ислоҳотдан кутилаётган натижа

Ушбу тартиб маблағлардан оқилона фойдаланишни рағбатлантириш, фермерларнинг банк олдидаги мажбуриятларини ўз вақтида бажаришини таъминлаш ҳамда етиштирилаётган маҳсулот таннархини арзонлаштиришга хизмат қилади. Янги молиявий рағбатлантириш тизими юртимизда озиқ-овқат хавфсизлиги ва тўқимачилик саноати хомашё базасини янада мустаҳкамлайди.

✍️ admin