Кенгаш фермерларнинг тергов ҳамда суд жараёнида жамоат ҳимоячиси сифатида иштирок этади
Куни кеча ижтимоий тармоқларда “Озод одамни қамоққа тиқиш “санъати” ёхуд санкция олиш учун эрмак қилинаётган 211-модда” номли мақола эълон қилинган эди.
Мақолада “Ўрта Чирчиқ туманида фермер хўжалиги юритадиган Акмалга таниши, чорвага ихтисослашган фермер хўжалиги раҳбари Хуршид мурожаат қилиб, 17 гектар ер майдонини ижара асосида беришга деҳқон топиб беришга келишиб, ундан Акмал гўёки 15 минг долларни олгандай ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қўлга олинганлиги ва Зангиота туман прокуратураси терговчиси Х.Ф.Очилов томонидан Жиноят кодексининг
168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси 3-қисми “а” банди билан айблов эълон қилиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш учун судга илтимоснома киритилганлиги” билдирилган.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши фермер хўжаликларининг ижарага олинган ер участкасини ноқонуний сотиб юборилишини қоралайди ва бу каби ҳолатларни олдини олиш юзасидан зарур тушунтиришлар олиб бормоқда.
Шунингдек,Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги ПФ-158-сон Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 86-бандида тадбиркорлик субъектларига нисбатан кўрилаётган жиноят ишларининг 100 фоизида ҳимоячи ёки жамоат ҳимоячиси иштирокини таъминлаш белгиланган.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2023 йилда амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги
ПҚ-300-сон қарорининг 13-бандига асосан тадбиркорлик субъектларига нисбатан қўзғатилган ҳар бир жиноят иши бўйича тергов ҳамда суд жараёнида тегишли мансабдор шахс жиноят иши материалларини иш юритувига қабул қилган вақтдан бошлаб тадбиркорни ҳимоя қилишга Бизнес-омбудсман, Савдо-саноат палатаси, тадбиркорлик субъекти аъзо ҳисобланган бошқа ташкилотни жамоат ҳимоячисисифатида жалб этиши (хабар қилиш) тартиби жорий этилган.
“Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонуннинг 25-моддасида фермер хўжаликлари Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига аъзо бўлиши белгилаб қўйилган. Ўрта Чирчиқ туманидаги “Asadbek Orzu Fayz” фермер хўжалиги бошлиғи Деҳқонбоев Акмал 2023 йил 4 январда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига аъзо бўлган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 октябрдаги ПҚ-3318-сонли қарорида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини назорат қилувчи органлар томонидан текширишлар ўтказиш жараёнида ҳамда судларда ишларни кўриб чиқишда ҳимоя қилиш вазифаси юклатилиб, ваколат берилган.
Жиноят процессуал кодексининг 21-моддасига кўра, жамоат бирлашмалари ва жамоаларнинг вакиллари жиноят ишини юритишда жамоат айбловчилари ҳамдажамоат ҳимоячилари тариқасида қатнашишга ҳақлидир.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши кенгашга аъзо ҳисобланган тадбиркорлик субъекти ҳимоясига Зангиота туман кенгаши юристконсульти А.Игамбердиевни жамоат ҳимоячиси сифатида ишда иштирок этишга жалб қилиш ҳақида қарор чиқаришни сўраб 2023 йил 17 октябрь куни Зангиота туман прокурорига мурожаат қилди.
Фармон билан тасдлиқланган Стратегия талаби ишга тушди.
Зангиота туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши юристконсульти “Asadbek Orzu Fayz” фермер хўжалиги бошлиғи Деҳқонбоев Акмалга нисбатан қўзғатилган жиноят иши терговида иштирок этиб, тадбиркорлик субъекти фермер хўжалиги бошлиғи Деҳқонбоев Акмалнинг қонун билан кафолатланган ҳуқуқларини “жамоат ҳимоячиси” сифатида ҳимоя қилади.
Эндиликда, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши – кенгашга аъзо ҳисобланган тадбиркорлик субъекти бўлган фермер, деҳқон хўжаликларига нисбатан қўзғатилган ҳар бир жиноят иши бўйича тергов ҳамда суд жараёнида тегишли мансабдор шахс жиноят иши материалларини иш юритувига қабул қилган вақтдан бошлаб тадбиркорни ҳимоя қилишга жамоат ҳимоячиси сифатида иштирок этади.
З.Мустафақулов,
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раисининг
Ҳуқуқий масалалар бўйича
ўринбосари