Пахта йиғим-терими уюшқоқлик билан ўтказилмоқда
Қишлоқ хўжалиги соҳасида замонавий ресурс тежамкор технологиялар ва инновацион ишланмаларнинг ишлаб чиқилиши, уларни фермер хўжаликлари ва агрокластерларга жорий қилиниши натижасида бугунги кунда пахтадан юқори ҳосил олинмоқда.
Жорий йил Хоразм вилоятининг жами 82 минг 857 гектар майдонига ғўзанинг маҳаллий ва истиқболли навлари экилиб, 315 минг тонна пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш режалаштирилган.
Янгибозор туманида жами 8 минг 900 гектар ерда ғўза парваришланиб, бевосита пахтачиликка ихтисослашган 147 та фермер хўжалиги билан мавсум олдидан тузилган шартнома режаларига мувофиқ агротехник тадбирлар талаб даражасида олиб борилди. Мутахассислар мўлжалига биноан мавсумда етиштириладиган ва қайта ишлашга йўналтириладиган ялпи хирмон салмоғи ҳам 34 минг тоннага етказилиши белгиланган. Шунда ҳар бир фермер хўжалиги ҳисобига пахта етиштириш бўйича гектарлар ҳосилдорлиги 40 центнердан оширилади.
Шу кеча-кундузда туман пахтакорлари йил бўйи заҳмат билан етиштирган “оқ олтин” ҳосилини нест-нобуд қилмасдан йиғиштириб олишга бор куч-ғайратини сафарбар қилмоқда.
Йиғим-теримга фермер хўжаликларига яқиндан кўмаклашадиган 223 та отряд сафида 22 минг 300 дан ортиқ кўнгилли теримчи сафарбар этилган. Уларнинг 4 минг 200 нафари фермер хўжаликларининг доимий аъзолари бўлиб, 18 минг 100 нафардан ортиғи уйда ишсиз ўтирган фуқаролар, кам таъминланган оилаларнинг меҳнатга лаёқатли аъзоларидир. Уларга ҳар килограмм пахта терими учун дала бошида 1500 сўмдан ҳақ берилмоқда.
– 2023 йил ҳосили учун 67 гектар майдонда пахта етиштирмоқдамиз, – дейди “Жайхун” маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият юритаётган “Дилдора Божмон” фермер хўжалиги раҳбари А.Алимов. – Бу йилги шартнома режамиз 268 тонна бўлиб, бугунги кунга 40 центнердан юқори ҳосил олдик ва шартнома мажбуриятимизни тўлиқ бажардик, меҳнатимизга яраша даламизда ҳосил чўғи баланд бўлди, дала бошида теримчиларга иссиқ овқат ва бошқа шарт-шароитларни яратиб бердик.
Шунингдек, “Оча-қалъа” маҳалласи ҳудудидаги “Мунир Юпитер”, “Жайхун” маҳалласидаги “Бошқирших раиси” фермер хўжаликлари пахтазорларида ҳам бўлдик.
Айни кунларда туман фермерлар кенгаши мутахассислари томонидан фермер хўжаликлари ва пахта-тўқимачилик кластерлари ўртасидаги шартномавий муносабатларга тўлиқ амал қилиниши, пахта қабул қилиш масканларидаги лабораторияларда фермер хўжаликлари томонидан топширилаётган пахта хомашёсини қабул қилишда унинг нави, ифлослиги, сифати, намлиги ва миқдорини тўғри аниқлаш, харид нархларини ҳаққоний белгилаш, пахтанинг кондицион вазни бўйича адолатли устама ҳамда чегирмалар қўллашда вужудга келадиган муаммоларни ҳал этиш бўйича амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
Н.Бозорова,
ЎзА
https://uza.uz/uz/posts/paxta-yigim-terimi-uyushqoqlik-bilan-otkazilmoqda_523801