«Ҳолвани кластер – калтакни фермер ейдими?»
Ижтимоий тармоқлар орқали Бухоро вилоятида 2022 йил ҳосили бошоқли дон маҳсулотлари етиштириш харажатлари учун ғаллачилик кластерларига ажратилган имтиёзли кредитларнинг фоизларини тўлаш фермер хўжаликларининг зиммасига юкланаётганлиги ҳақида хабарлар келиб тушди.
Ушбу хабар Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан ўрганиб чиқилди.
Аниқланишича, Бухоро вилоят ҳокимининг ўринбосари (А.Назаров) раҳбарлигида 2022 йил 8 августда ўтказилган йиғилишнинг 4/4987-сонли баёнининг
4-бандида 2022 йил йил ҳосили учун ғаллачилик кластерлари томонидан Жамғармадан ғалла етиштириш учун олинган имтиёзли кредитга ҳисобланган 12 млрд. 926 млн. сўмлик пул маблағларини кластерларга сотган ғалла якуний маблағлари ҳисобидан тенг мутаносиб равишда илова мувофиқ 2910 та фермер хўжаликларидан ундирилиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 15 ноябрдаги ПҚ-10-сон «Ғалла етиштириш ва сотишда эркин рақобатни таъминлайдиган бозор тамойилларини жорий этиш тўғрисида»ги қарорида қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси кредит ресурслари ҳисобидан ғалла етиштириш харажатларини қоплаш учун имтиёзли кредитларни ғалла етиштирувчи фермер хўжаликларига, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази таркибидаги элита уруғчилик хўжаликлари ва ғаллачилик кластерларига ажратилиши белгиланган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 11 мартдаги 130-сон қарори билан тасдиқланган «Буғдой етиштириш харажатларини кредитлаш тартиби тўғрисида»ги низомга мувофиқ қарз олувчининг аризаси бўйича ижобий хулоса қилинганда, тижорат банки филиали ва қарз олувчи ўртасида кредит шартномаси тузилади.
Имтиёзли кредит ажратиш ҳақида тижорат банки билан ғаллачилик кластерлари ўртасида шартнома тузилган бир пайтда имтиёзли кредит фоизларини фермер хўжаликларининг зиммасига юкланиши амалдаги қонунчиликка мутлақо тўғри келмаслиги ҳақида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан хулоса қилинди.
Кенгаш томонидан 2022 йил 24 октябрь куни фермерлар манфаатларига зид бўлган Бухоро вилоят ҳокимлигининг 2022 йил 8 августдаги 4/4987-сон йиғилиш баёнига нисбатан прокурор назорати ҳужжати қўллаш масаласини кўриб чиқилишида амалий ёрдам сўраб Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига хат киритилди.
https://uza.uz/uz/posts/holvani-klaster-kaltakni-fermer-eydimi_418882