ПРЕСС-РЕЛИЗ

ПРЕСС-РЕЛИЗ

Кейинги йилларда юртимизда асосий эътибор сув муаммоларига қаратилиб, сув хўжалиги соҳасини бошқариш тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш чоралари кўрилмоқда. Сув ресурслари йилдан-йилга танқис бўлиб бораётган шароитда дарё ва сойларнинг сувлари, сув омбордаги сув заҳиралари, ер ости ҳамда коллектор-дренаж сувларини яхлит тизим асосида бошқариш бўйича сув хўжалигининг ягона сиёсатини юритишни талаб этади.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 27.12.2018 йилдаги “Пахта хом ашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларидан кенг фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорга мувофиқ – сув ресурсларидан оқилона ва тежамли фойдаланиш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш, қишлоқ хўжалиги экинларининг, айниқса ғўза ҳосилдорлигини ошириш, шу асосда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг барқарор фаолият юритишини таъминлашга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир.  

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 14 декабрдаги “2019-2020 йилларда сув таъминоти оғир бўлган ҳудудлардаги аҳоли томорқаларига сув етказиб бериш учун суғориш қудуқларини қазишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарорга мувофиқ, 2019-2020 йилларда сув таъминоти оғир, лекин истеъмолга яроқли ер ости сув захиралари етарли бўлган маҳаллалар ҳудудларидаги аҳоли томорқаларига сув етказиб бериш учун суғориш қудуқлари қазилади.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда сув тежамкорлигига асосланган технологиялар босқичма-босқич жорий этилмоқда. Хусусан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам сув тежамкорлигига эришишга алоҳида аҳамият қаратилган. Яъни, дастурда мавжуд интенсив боғ ва токзорларда босқичма-босқич тарзда (йилига 5,7 минг гектардан) томчилатиб суғориш усулини жорий этиш, бевосита мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш учун ажратилган қишлоқ хўжалиги экин майдонларида ушбу тизимни йўлга қўйиш учун зарур бўлган сув иншоотларини қуриш белгиланган.

Юқорида келтирилган масалаларнинг долзарблигидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирликлари ҳамкорлигида “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда сувни тежовчи илғор технологиялардан фойдаланиш ва унинг истиқболлари” мавзусида семинар ташкил этилди. Унда томчилатиб суғориш технологияси ускуналари ва бутловчи қисмлари  ишлаб чиқаруви  бир қатор корхоналар – «Eco Drip Lux», «Acar-Мak-San», «Peng-Sheng», «Pipe technologies», «Agrodrip» ва «Debyut», «Exim Plast», «Шўртангазкимё», «Махсус полимер заводи» корхоналари, “Иштихон нурли давр”, “Мароқанд Кластер” фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этмоқда.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳам бу йўналишдаги жараёнларда бевосита фаол иштирок этади. Кенгаш томонидан сув оғир бўлган туманлар маҳаллалар, ҳатто кўчалар кесимида таҳлил қилинди. Таҳлил натижасида аниқланган ҳудудларнинг қаерида қудуқ қазилиши, нечта томорқа учун мўлжалланиши кераклиги белгилаб олинди.

            Артезиан қудуқларини ковлашни “Томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамияти ва “Сувқурилишинвест“ давлат унитар корхонаси бажаради. Бу тадбирлар учун

40 миллиард сўм ажратилган бўлиб, 2019-2020 йилларда республика бўйича тўрт юзтадан ортиқ қудуқ қазилиши режалаштирилган.

            Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг тез суръатларда кўпайиб бораётганлиги, иқлим ўзгаришининг кескинлашиши сабабли, сув ресурсларини камайиши кузатилмоқда. Бу эса сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш ва мавжуд сув ресурсларидан барча сувдан фойдаланувчилар манфаатларини инобатга олган ҳолда бошқаришни талаб этади.

            Таъкидлаш жоизки, қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожланган аксарият давлатларда сув тежамкорлигига қатъий амал қилинади. Ана шу мақсадда қўлланилган технология ўз навбатида экиннинг ривожланишига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

            Семинарда ўрганилган масалалар бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram