Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ер майдонларини мақбуллаштириш қишлоқ хўжалигига нима беради?
Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ер майдонларини мақбуллаштириш қишлоқ хўжалигига нима беради?Жорий йил 9 январда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг “Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ер майдонларини мақбуллаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори фермер хўжаликлари фаолиятида янги имкониятлар очади.
Унга кўра, қишлоқ хўжалиги корхоналарига фаолият юритиш учун берилган ер участкалари майдонлари мақбуллаштирилади. Қарор билан нима ўзгаради? Бунда биз бир қатор ўзгаришларни кўришимиз мумкин. Жорий йилдан эксперимент тариқасида фермер хўжаликлари учун ер участкалари очиқ танлов якунига кўра, ер участкаларини бериш масалаларини кўриб чиқувчи туман комиссияси ҳамда туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг хулосасига биноан халқ депутатлари туман Кенгашининг қарори асосида қабул қилинган туман ҳокимининг қарори бўйича берилади. Бир гектар ер майдони учун пахта-ғаллачилик лойиҳасига 2 минг доллар эквиваленти миқдорида, сабзавот-ғаллачилик, боғдорчилик-узумчилик, сабзавот-полизчилик лойиҳаларига 5 минг доллар эквиваленти миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция киритадиган талабгорлар ва кластер корхоналарига янги тартибда берилади. Бунда туман сектор раҳбарининг тавсиясига кўра танлов ўтказмасдан туман ҳокимининг қарорига асосан ер участкалари ажратилади. Шунингдек, фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарининг ер участкалари майдонларини мақбуллаштиришда, уларнинг охирги уч йиллик фаолияти тўлиқ таҳлил қилинади. Муҳим янгиликлардан бири – қишлоқ хўжалиги корхоналари ер участкаларининг ҳажмлари уларнинг фаолият йўналишларига кўра, белгиланади. Мисол учун, пахтачилик ва ғаллачилик йўналишидаги қишлоқ хўжалиги корхоналари ер участкалари майдонларининг энг кам ўлчами – 100 гектар, ғалла ва сабзавотчилик учун камида 20 гектар, боғ-узумчилик учун камида 10 гектар, сабзавот-полиз учун энг кам ўлчам 5 гектар қилиб белгилангани билан аҳамиятлидир. Чорвачилик йўналишидаги қишлоқ хўжалиги корхоналари ер участкаларининг ҳажмлари қонунчиликда белгиланган тартибда мавжуд шартли мол бош сонидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Агарда, қишлоқ хўжалиги корхоналари ер участкаларининг ўлчами юқорида келтирилган миқдорлардан кам бўлса, улар мақбуллаштирилади. Бунда туман ҳокимликлари захирасига қайтарилган ер участкалари, биринчи навбатда тўғридан-тўғри инвестиция киритадиган, молиявий ҳолати яхши ва қишлоқ хўжалиги техникаларига эга кўп бўлган тармоқли фермер хўжаликлари, пахта-тўқимачилик кластерлари, экспорт қилувчи ва қайта ишловчи корхоналарга устуворлик берилади. Қайд этиш жоизки, танловда асосий эътибор талабгорнинг ҳисоб варағидаги мажбуриятлардан ташқари, айланма маблағи, яроқли қишлоқ хўжалиги техникалари мавжудлигига қаратилади. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспортга йўналтирилгани, яратиладиган янги иш ўринлари сони ва сўнгги уч йил давомида маҳсулот етказиб бериш бўйича шартномаларнинг бажарилишига эътибор қаратилади. Ҳудудларга бириктирилган Республика ишчи гуруҳлари, туманларнинг тўртта сектор раҳбарлари, ер участкаларини бериш масалаларини кўриб чиқувчи туман комиссияси ҳамда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари билан биргаликда ер участкаларини мақбуллаштириш жараёнида фермер хўжаликларининг фаолиятига холисона баҳо берилишига, шаффофлик, ошкоралик, очиқлик ва адолат тамойилларига қатъий риоя қилиниши аниқ кўрсатилган. Энг муҳими, алмашлаб экиш тизимини жорий қилиш мақсадида пахта-ғаллачилик йўналишидаги фермер хўжаликлари экин ер майдонининг 10 фоиз қисмига бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари – сабзавот, полиз маҳсулотлари экишга рухсат берилган. Ер участкалари ўлчами белгиланган миқдорлардан кам бўлмаган қишлоқ хўжалиги корхоналари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ихтиёрий равишда қўшиб юбориш, қўшиб олиш тартибида қайта ташкил этилиши мумкин. Мақбуллаштиришга қисқа фурсат берилган бўлиб, барча ишлар жами бир ой давомида якунланиши кўзда тутилган.
Жаҳонгир Раҳмонов,
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашиЖамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи