Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш – халқимиз турмуш фаровонлигини таъминловчи омил
Бугунги кунда дунёда иқлим ўзгариши, ерлар деградацияси ва сув ресурсларининг тақчиллиги каби вазият кузатилмоқда. Сув ресурслари камайиб, юқори ҳарорат экинлар ҳосилдорлигига ва чорва сонига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бу эса озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда ҳавфсизлигини таъминлашни қийинлаштирмоқда, прогнозлаш ва режалаштиришнинг аниқлигини сусайтирмоқда.
Шунга қарамасдан юртимизда кейинги йилларда қишлоқ хўжалигининг юқори салоҳиятидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилиб, соҳани ислоҳ қилиш ва бозор механизмларини жорий этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди. Шу баробарда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва аҳолига экологик сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб бериш доимий эътиборда.
Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида аграр соҳани янада ривожлантириш бўйича аниқ вазифалар белгиланган. Хусусан, илм-фан ва инновациялар, қишлоқ хўжалигига бозор механизмларини жорий этиш орқали деҳқон ва фермерлар даромадини 2 баравар ошириш кутилмоқда.
Бунинг учун мавжуд ер майдонларидан ва сувдан самарали фойдаланишга эътибор қаратилмоқда. Ердан меҳнат унумдорлигини, ҳосилдорликни ошириш орқали кўпроқ даромад олиш чоралари кўрилмоқда. Шу мақсадда пахта ва ғалладан қисқартирилаётган ер майдонларида экспортбоп қишлоқ хўжалиги экинлари экишни кўпайтириш, бунга аҳолининг кенг қатламларини жалб қилиш орқали ушбу ерлардан самарали фойдаланиш тизими яратилди. Хусусан, сув таъминоти яхши бўлган пахта ва ғалладан қисқартирилган 200 минг гектар ер майдони деҳқон хўжалиги ташкил этиш орқали сабзавотчилик, полиз, дуккакли, мойли экинлар, картошка етиштириш каби лойиҳаларни амалга ошириш учун фуқароларга 30 йилга ижарага берилмоқда.
Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги соҳасида мамлакатимиз аҳолисининг 3,5 млнга яқини меҳнат қилмоқда. Бу қишлоқдаги меҳнатга лаёқатли аҳолининг 55 фоиздан ортиғини ташкил этади.
Қишлоқ жойларида аҳолига тадбиркорлик шароитларини яратиш, ер ажратиш бўйича очиқ аукцион савдоларида ғолибларни аниқлашда “Маҳалла дафтарлари”га киритилган оилалар вакиллари билан бир қаторда четдан қайтган фуқароларимизга ҳам устуворлик бериш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш ишлари изчиллик билан олиб борилмоқда.
Тармоқда олиб борилаётган бу каби ўзгаришлар ишлаб чиқариш ҳажмларини ўсишига хизмат қилмоқда. Хусусан, кейинги икки йилда 193 минг гектар ер аҳолига ижарага берилди ва қўшимча 2,5-3 млн тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилди. Шунингдек, 100 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий этилиши ҳисобига ҳосилдорлик 10-15 фоизга ошди.
Жорий йил якунига қадар 428 трлн. сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши ва 2022 йилга нисбатан 3,7 фоизга ўсиш кутилмоқда. Агарда аграр тармоқда қишлоқ хўжалиги ялпи ишлаб чиқаришининг барқарор ўсиш суръатлари 2017 йилда 1 фоизни ташкил этган бўлса, 2022 йилга келиб 3,6 фоизни ташкил этди.
Айни вақтда юртимизда етиштирилаётган 80 турдан ортиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари дунёнинг 60 дан ортиқ мамлакатига экспорт қилинмоқда. Бунда мева-сабзавотлар ва дуккакли маҳсулотларнинг экспорт ҳажми охирги етти йилда қарийб 2 баробарга ошган. Бир гектар экин майдонидан олинган жами ҳосил бўйича дунёда биринчи ўринга чиқдик.
Яна бир муҳим йўналиш, бу — мавжуд ер ресурсларидан бир неча марта ҳосил олиш бўйича амалий чора-тадбирлардир. Бу, биринчи навбатда, ғалла эккан фермерларимиз даласида такрорий экинлардан қўшимча маҳсулот олиш. Бу орқали ҳам ички, ҳам ташқи бозорга маҳсулот чиқариш имконияти кенгаяди.
Кейинги йилларда тармоқда қабул килинган дастурлар асосида 2024 йилда ҳам сабзавотчиликда 30 минг гектарда интенсив усулда маҳсулот етиштириш ҳамда ғалладан бўшаган 780 минг гектар экин майдонларида такрорий экинларни экиш тадбирлари амалга оширилади.
Ҳозирда барча тоифа хўжаликларида тўқсонбости экинлар экишга эътибор қаратилмоқда. 2024 йил ҳосили учун 529 минг гектарда пиёз ва саримсоқпиёз ҳамда 386,5 минг гектарга тўқсонбости усулида сабзавот экинлари экиш режалаштирилган. Бунинг 75,8 минг гектари фермер хўжаликларига, 266,4 минг гектари аҳоли томорқалари ҳамда 186,8 минг гектари деҳқон хўжаликлари ҳиссасига тўғри келади. Ушбу майдонларда 2024 йил март-май ойларида жами 10,8 млн. тонна, 2022 йилга нисбатан 5,8 млн. тонна кўп эртаки сабзавотлар етиштирилади.
Иқтисодий ўсишни таъминлаш учун замонавий ресурстежамкор технологияларни жорий этиш, биологик эскирган навлар ўрнига иқлим ўзгаришига мос ҳосилдорлиги юқори янги навларни кенгайтириш, ирригация тизимида сув ҳисоб-китоб тизимини рақамлаштиришни йўлга қўйишга ҳам этибор қаратилмоқда.
Ҳудудларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш кўрсаткичининг 25 фоиздан юқори бўлишини таъминлаш мақсадида юртимиз бўйлаб 2,5 миллион тонна қувватга эга бўлган 100 та янги агрологистика маркази фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда уларнинг экспорт салоҳиятини 1 миллиард долларга етказиш чоралари кўрилмоқда.
Бундан ташқари, суғориш тизимини ривожлантириш ва чекланган сув ресурсларини иқтисод қилиш чора-тадбирларини амалга ошириш дорасида қўшимча 300 минг гектар ер майдонини замонавий сув тежайдиган технологияларни қўллаш орқали ўзлаштириш ва мазкур ерларда озуқабоп, доривор, мойли, дуккакли, шоли, ғалла, сабзавот, полиз экинлари экиш, интенсив боғ ва узумзорлар ташкил этиш мақсад қилинмоқда.
2024 йилда каналларни таъмирлаш, лотокларни янгилаш каби ишларни бажариш орқали 706 млн метр куб сув иқтисод қилиниб, 411 минг гектар майдонни суғориш таъминланади.
Сув ресурсларидан фойдаланишда нафақат бугунги, балки келажак авлод ҳақида ҳам қайғуришимиз зарур. 80 фоиздан ортиқ сув ресурслари қўшни давлатлардан кириб келади. Шундан келиб чиқиб, қўшни давлатлар билан сув ресурсларини интеграллашган ҳолда бошқариш, трансчегаравий сув ресурслари ва давлатлараро сув хўжалиги объектларидан биргаликда фойдаланиш масалаларида фаол икки тарафлама манфаатли ҳамкорликни давом эттириш зарур.
Арар соҳани ривожлантириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида қатори ишлар бажарилмоқда. Озиқ-овқат хавфсизлиги ва ички бозорларда нархлар барқарорлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда аҳоли ташаббусларини қўллаб-қувватлаш орқали уларнинг даромадларини ошириш, “Бир ҳудуд – бир маҳсулот” тамойили асосида маҳсулот етиштириш борасидаги дастурлар бу борада муҳим омил бўлмоқда.
Бир сўз билан айтганда, бугун эришилаётган натижалар келгусида мамлакатимизда озиқ-овқат ҳавфсизлигини таъминлаш, бозорларимизда тўкинлик ва баракани ошишига хизмат қилади. Бунда эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг фермер ва деҳқон хўжаликларининг ўрни беқиёс.
Зокир Алламуродов,
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва
томорқа ер эгалари кенгаши бўлим бошлиғи