Андижонда тўқсонбости экинлари экилмоқда

Ўзбек хонадони учун бир парча ер азалдан қадрли бўлган. Ер нафақат оила даромадига даромад қўшади, балки эл-юрт фаровонлигини таъминлашда ҳам муҳим омил ҳисобланади. Ўтган йиллар давомида фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи асосий субъект сифатида шаклланди.

Ўзбекистоннинг иқлим шароитида эртаки (эрта баҳордан), ўртаки ва такрорий (ёз ойларида), август ойида (пиёз, саримсоқпиёз), кузда (сабзавот ва кўкатлар) ҳамда далаларни қор босиши олдидан “тўқсонбости” усулида экинлар экилади. 

Ерлардан самарали фойдаланишни амалга ошириш, мавсумда икки ва уч марта ҳосил олишга эришиш ҳамда эрта муддатларда сабзавот маҳсулотларини етиштириш мақсадида ҳар бир фермер, деҳқон ва томорқачилар экин майдонларининг асосий қисмига “тўқсонбости” усулида экинлар экишни режалаштирмоқда.

“Тўқсонбости” усули деҳқонлардан чуқур билим ва тажрибани талаб этади. Фермерларимиз бу борада кўп тажрибага эга. Сабаби, деҳқончиликда “тўқсонбости” усули қадимдан қўллаб келинади. Бу усулда экилган уруғлар 90 кунлик қишни қор остида ўтказади. Шу сабабдан ҳам бу усулни деҳқонларимиз “қорбости” ёки “тўқсонбости” деб аташади.

– Тўқсонбости усулида экиш совуққа чидамли сабзавотлардан эрта кўкламда арзон ва мўл сабзавотларни етиштириш имконини яратиш баробарида, кундалик озиқ-овқат маҳсулотлари танқис “илик узилди” пайтида витаминли маҳсулотлар билан ички бозор эҳтиёжини қоплайди, экспорт имкониятларини кенгайтириб, деҳқонларни бойитади, – дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси А.Ҳаитов.

Андижон вилоятида ҳам “тўқсонбости” экинлар етиштириш мавзусида бир нечта маҳорат дарслари уюштирилди. Мисол учун, Пахтаобод туманида жойлашган “Бобур мустафо боғи” фермер хўжалигида кузги экинларни экиш ва парваришлаш бўйича семинар ташкил этилди.

Семинарда агротехник тадбирларни амалга ошириш, боғ қатор ораларига кузги экинларни экиш, жумладан, пиёз ва саримсоқпиёзни тўқсонбости усулида экиб етиштиришни ташкил қилиш, дала четларига узум ҳамда тут кўчатлари экиш бўйича қўшимча тушунчалар берилди, тажрибалар ва тавсиялар бўйича фикрлар алмашилди. 
Балиқчи туманидаги “Туморлик Алижон” фермер хўжалигида ҳам дала майдонида кузги тўқсонбости усулида сабзавот экинлари ва “Яшил майдон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчатлар экиш бўйича семинар бўлиб ўтди.

Хўжаликда 5,1 гектарда интенсив усулда 3 минг тупдан ортиқ олманинг “Сўх гўзали” нави экилган. Боғ қатор орасида тўқсонбости усулида экилган исмалоқ, кашнич ва укроп, редиска ва сабзи парваришланмоқда.

Н.Бозорова, ЎзА мухбири

https://uza.uz/uz/posts/andizhonda-toqsonbosti-ekinlari-ekilmoqda_534508

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram