Тўқсонбости мўмай даромад манбаи
Деҳқончиликнинг тўқсонбости усули яхшигина даромад манбаи бўлиш билан бирга, аҳолининг эртанги сабзавот маҳсулотларига бўлган талабини қондириш имконини беради.
Қишнинг тўқсон куни назарда тутилган бўлиб, қиш ва баҳор ойларида ҳам бозорларимиз тўкин-сочин, нарх-наво барқарор бўлишида қўл келади. Халқимизда “Тўқсонда суғорсанг, тўқсон ботмон ҳосил оласан”, деган нақл бежизга айтилмаган. Кузда экилиб, қор остида қолдирилган сабзавот экинлари уруғлари эрта кўкламда ердан жуда барвақт униб чиқиб, тез ривожланиши ҳисобига эрта ҳосил беради.
Эрта баҳорда эса маҳсулотнинг бозори чаққон бўлиши сир эмас. Ушбу масалага ҳукуматимиз томонидан ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, аҳолининг соғлом овқатланиши, халқимиз дастурхонига йил давомида ҳар хил сабзавот маҳсулотларининг етиштирилиши куннинг долзарб масаласига айланмоқда. Бу борада Қорақалпоғистон Республикаси, хусусан Амударё туманида ҳам қизғин ишлар олиб борилмоқда.
–– Туманда тўқсонбости экинларини етиштириш уюшқоқлик билан олиб борилмоқда, – дейди Амударё тумани фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Илҳом Полвонов. – “Оқолтин”, “Холимбег”, “Қиличбой”, “Дўрман” маҳаллаларида ҳудудларидаги меҳнаткаш фермер, деҳқон ва томорқа ер эгалари ҳар қарич еридан самарали фойдаланмоқда. Хусусан, “Оқолтин” ҳудудида 44,9 гектар тўқсонбости экинлари экиш режалаштирилган. Ҳозирда 38,2 гектардаги ишлар якунланди.
Дарҳақиқат, “Оқолтин” овулида истиқомат қилувчи “Намунали томорқачи” кўкрак нишони соҳиби Камолов Қуролбой 15 сотихда манзарали дарахтлар ҳамда тўқсонбости сабзавотлар етиштирмоқда. У йилига 2-3 марта ҳосил олиб, томорқадан унумли фойдаланмоқда. Шунингдек, овулда “бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида сабзавотлар, полиз экинлари сув таъминоти ва ҳосилдорликни ҳисобга олиб жойлаштирилмоқда.
Амударё туманида сув ресурсларидан унумли фойдаланиш мақсадида фермер хўжаликлари ёмғирлатиб суғориш технологиясидан унумли фойдаланмоқда. Мисол учун, “Амир Темур” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Қурбанбаева Хонзода” фермер хўжалиги раҳбари Мансур Абдуллаев дала майдонини артезиан қудуқ орқали суғоришни йўлга қўйди. Бу эса ҳосилдорликка сифатли таъсир кўрсатиб, пахта режасини ортиғи билан туманда биринчилардан бўлиб бажаришга эришди.
Қайд этиш керакки, тўқсонбости фермер ва деҳқонга кутилмаган даромад келтириши билан бирга, бозорларимизда нарх-наво барқарорлигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Нилуфар Бозорова,
ЎзА
https://uza.uz/uz/posts/toqsonbosti-momay-daromad-manbai_528132