Фермер хўжаликларининг пахта теримидан манфаатдорлиги қандай?

Жорий йилда маҳаллий пахта-тўқимачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари томонидан 5 мингдан ортиқ энг сўнгги русумдаги қишлоқ хўжалик техникалари ва агрегатлар харид қилингач, 48 фоиз майдонда чигит юқори унумли замонавий пневматик сеялкаларда экилди. 

Замонавий бозор иқтисодиёти ҳам таклифга, ҳам талабга мос маҳсулот ишлаб чиқариш, ўзаро савдода барча томонлар манфаатдорлигини кўзлашни назарда тутади. Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилган энг катта ислоҳотлардан бири ҳам шу — ҳар соҳада бозор муносабатларини шакллантириш. Бу, айниқса, қишлоқ хўжалигида катта самара бермоқда. Биргина, буғдой ва пахтани эркин савдога чиқариш ва мустақил нарх белгилашнинг жорий этилиши тизимда чин маънода инқилоб ясади, десак хато бўлмайди.

Бугун деҳқон, фермер хўжалигию, томорқа ер эгаларининг бари ўзи етиштирган маҳсулотга ўзи эгалик қилиш ҳуқуқига эга. Исталган харидорга, бозордан келиб чиққан ҳолда ўзи нарх белгилайди. Табиийки, даромади ҳам ўзига қолади. Шунинг учун йиллар давомида халқимиз учун оғир меҳнат, деҳқон ва фермерга эса елкасига осилган катта юк, “план”ни бажариш мажбурияти бўлиб келган пахта хомашёсини етиштириш ҳозирга келиб энг даромадли ва замонавий йўналишлардан бирига айланди.

Эндиликда, мамлакатимизда етиштирилган пахта хомашёси нархи давлат томонидан эмас, балки бозор тамойиллари асосида белгиланмоқда. Бу Президентимизнинг жорий йил 26 январдаги “Пахта хом ашёси етиштирувчилар фаолиятини янада қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан мустаҳкамлаб қўйилди. Унга кўра, нархлар бозор иқтисодиёти талабларига мувофиқ, ҳар бир ҳудуддаги ернинг ҳолати, маҳсулот етиштириш учун кетган сарф-харажатлар, бозордаги талаб ва таклифдан келиб чиқиб, бевосита олувчи ва сотувчи томонларнинг ўзаро келишуви асосида белгиланади. Яъни, фермер ва деҳқон ўзи етиштирган пахта хомашёсини харидор билан ўзаро келишилган нархда сотиш ҳуқуқига эга.

Ана шундай имкониятлар сабаб диёримизда пахта етиштириш янги босқичга кўтарилиб, ҳосилдорлик йил сайин ортиб бормоқда. Шу кунларда юртимиз бўйлаб қизғин давом этаётган пахта терими ҳам натижа аввалги йиллардан юқорироқ бўлишига ишора бермоқда. Ҳудудларда бирин-кетин “оқ олтин” хирмонлари яратила бошлади. Илк хушхабар овози Сурхондарё вилоятидан янгради. Вилоят пахтакорлари биринчи бўлиб хирмонни кўтарди. Аҳамиятлиси, улар илк бор 30 кун ичида белгиланган ҳосилни йиғиштириб олишга муваффақ бўлди. Натижа эса 268 109 тонналик пахта хирмони. Мўл ҳосил олиш учун воҳадаги 12 та пахта-тўқимачилик кластери 2 минг 96 нафар фермер хўжалиги билан шартнома тузган.

Буёғи бозор иқтисодиёти…

Пахта хомашёсини етиштириш аввалдан Ўзбекистон иқтисодиётининг муҳим қисми бўлиб келган. Ҳозир ҳам шундай. Аммо энди юртимиз пахта хомашёсини экспорт қилувчи давлат эмас, балки уни тўлиқ қайта ишлаб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариб, хориж бозорига бир неча баробар қимматга сотаётган мамлакатлар қаторига қўшилди. Қолаверса, қишлоқ хўжалигининг йирик ва замонавий тармоғига айланиб бораётган бу йўналиш кўпроқ деҳқон ва фермерлар даромадини бир неча баробар кўпайтириш, халқимизнинг моддий фаровонлигини ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилаётгани билан аҳамиятлидир.

Кластер ва фермер хўжаликлари ҳамкорлиги бу йўналишда, айниқса, муваффиқиятли ҳаракатлардан бирига айланди. Ушбу ёндашув мамлакатимиз тажрибасида ҳали янги бўлишига қарамасдан, қисқа вақтда соҳада катта ютуқларга йўл очаётгани сир эмас. Жараёнда пахта-тўқимачилик кластери ўзига бириктирилган фермернинг чигитни экишидан то ҳосилни йиғиб олгунигача барча зарур шароитни яратиб бермоқда. Замонавий, ресурстежамкор технологиялар билан таъминлаяпти. Фермер эса шартнома бўйича кластерга сифатли ҳосилни топширади. Нарх ўзаро келишув асосида белгиланади. Шу тариқа, ҳар икки томон моддий манфаат кўради.

Умуман, сўнгги йилларда маҳаллий қишлоқ хўжалигимизда фермер хўжаликлари фаолияти тобора фаоллашиб бораётганини кўришимиз мумкин. Уларга берилаётган имконият ва қўшимча имтиёзлар сабаб кўп тармоқли фермер хўжаликлари сони ортмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда 90 мингга яқин кўп тармоқли фермер хўжалиги мавжуд бўлиб, 30 мингдан ортиғида пахта хомашёси етиштирилаётгани бунинг исботи.

Уларнинг фаолиятида, айниқса, илмий ёндашувлар, замонавий ва ресурстежамкор технологияларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани соҳа ривожини жадаллаштирмоқда. Чунки ҳозирги замонавий қишлоқ хўжалигини илғор технологиялардан айро тасаввур этиб бўлмайди. Эскича ёндашувлар ҳам бугунги кун талабига мос эмас. Тасаввур қилинг, ўн нафар киши бажарадиган ишни битта қурилманинг ўзи уддаласа қанча ресурс тежаб қолинади. Қолаверса, ҳозир замонавий техникалар билан таъминланган, илғор технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этаётган кўп тармоқли фермер хўжаликлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан бирга, уларни чуқур қайта ишлаш, қурилиш ишларини амалга ошириш ва қишлоқ аҳолисига хизмат кўрсатиш каби йўналишларда ҳам самарали фаолият олиб боряпти.

Сўз исботи билан, деганларидек, аниқ рақамларга эътибор қаратсак. Жорий йилда маҳаллий пахта-тўқимачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари томонидан 5 мингдан ортиқ энг сўнгги русумдаги қишлоқ хўжалик техникалари ва агрегатлар харид қилингач, 48 фоиз майдонда чигит юқори унумли замонавий пневматик сеялкаларда эқилди. Натижада 24 миллиард сўмлик 15 минг тонна уруғлик чигит, 50 миллиард сўмлик 5 тонна дизель ёқилғиси тежаб қолинди. Юртимиз бўйича 300 минг гектардаги гўза ниҳоллари илғор томчилатиб суғориш технологияси орқали суғорилиши орқали 1,5 миллиард куб метрга яқин сув ресурслари, 50 минг тоннадан ортиқ минерал ўғит, 10 минг тоннага яқин ёқилғи мойлаш материаллари иқтисод қилинган.

Тошкент вилояти Бўка туманидаги “Кўк Орол Сити” фермер хўжалиги ҳам жорий йил 30 гектар майдонда томчилатиб суғоришни йўлга қўйган эди. Айтишларича, натижа кутилганидан ҳам аъло бўлган. Ана ўша майдонда 50 фоизгача сув, 80 фоизгача минерал ўғит тежаб қолинган. Хўжалик ҳар йили 1 гектар майдонга 700 килограмм ўғит ишлатган бўлса, бу йил шунча ҳажмдаги ерга сарф этилган ўғит 80 килограмдан ошмаган. Айни пайтда фермер хўжалиги 1 гектар пахта майдонидан 35—40 центнердан ҳосил олмоқда.

Пахта-тўқимачилик кластерлари билан ҳамкорликнинг самарали томони ҳам шунда — фермер хўжаликларини янги техникалар билан таъминлаб, моддий ресурсларни ўз вақтида етказиб бермоқда. Шуларнинг ҳисобига мамлакатимизда пахта ҳосилдорлиги кейинги уч йилда 5-6 центнерга кўпайишига эришилди. Тизимда хомашёни дастлабки қайта ишлашдан тайёр маҳсулот олишгача бўлган қўшимча қиймат занжири яратилиб, 2017 йилга нисбатан ип-калава ишлаб чиқариш икки баробарга, тайёр маҳсулот уч бараварга ортди. Кластерлар қувватлари эвазига тола ишлаб чиқариш кўрсаткичлари 148 фоизга, ип-калава 83 фоизга, мато тўқиш 19 фоизга, тайёр маҳсулот 66 фоизга етди.

Яъни, фермер хўжалиги кластернинг моддий кўмаги асосида сифатли, юқори ҳосилдор хомашё етказиб бераётган бўлса, кластер уни қайта ишлаб, бозорга тайёр маҳсулот чиқармоқда. Бундан халқ ҳам манфаатдор — ҳудудларда қанчадан қанча янги иш ўринлари яратиляпти. Пахта терими ҳам бозор тамойиллари асосида ташкил этилаётгани, айниқса, қувонарли. Даромад топиш мақсадида ўз ихтиёри билан далага чиққан теримчиларга терган пахтаси учун иш ҳақи шу куннинг ўзида тўлаб берилмоқда. Иш жараёнида қийинчилик сезмасликлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилган. Дала бошида иссиқ овқат, узоқдан қатнайдиган теримчилар учун транспорт хизмати йўлга қўйилган.

Бир сўз билан айтганда, тизим эркин бозор иқтисодиёти жорий этилиши ортидан ҳар ким меҳнатига яраша даромад топадиган, мустақил иш юрита оладиган, танловни ихтиёрий амалга оширадиган йўналиш сифатида шакллана бошлади. Энди, деҳқон ва фермерлар пахта етиштиришдан қўрқмаяпти, аксинча, тармоқ йил сайин сердаромад йўналишга айланиб, унда аграр тадбиркорлар, пахта-тўқимачиликка ихтисослашаётган фермер хўжаликлари сони ортиб бормоқда.

Зокир Алламуродов,

Ўзбекистон фермер, деҳқон 
хўжаликлари ва томорқа ер 
эгалари кенгаши 
бўлим бошлиғи

(Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 09.10.23 й, 208-сонида эълон қилинди

https://yuz.uz/news/fermer-xojaliklarining-paxta-terimidan-manfaatdorligi-qanday

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram