Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми ошади

Қорақалпоғистон Республикасида жорий йилнинг ўтган даврида 43 минг 122 гектар томорқада эртаки экин етиштирилди. Улардан 19 минг 735 гектари сабзавот, 5 минг 593 гектари полиз, 6 минг 487 гектари картошка, 3 минг 242 гектари дуккакли экинлардан иборат.Бу майдонлардан самарали фойдаланиш учун 20 минг 363 гектар такрорий экинлар парваришланди.

Бу ҳақида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси А. Ҳаитов Қорақалпоғистон Республикасига ишчи гуруҳ билан борганда маълум қилинди. 

Ташриф доирасида Беруний туманидаги бир қатор маҳаллаларда учрашувлар ташкил этилди. Мисол учун “Турон”, “Шаббоз” ва “Ибн-Сино” МФЙда томорқа эгаларига очиқ далада пиёз, саримсоқпиёз, иссиқхоналарда помидор ва булғор қалампири етиштириш, тайёрланган озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш ва сотишни йўлга қўйиш, имтиёзли кредит ҳисобидан дала дўкони ва музлаткичли омборхона қуриш бўйича тавсиялар берилди. 

Ишчи гуруҳи тумандаги “Шоббоз” овул фуқаролар йиғинидаги намунали томорқа ер эгаси Эркабой Султонов хонадонида бўлди. 

– Бизда сув масаласи қийинлигидан қишлоқ хўжалиги экинлари экишга кўп ҳам қизиқмас эдик, –дейди Эркабой Султонов. – Лекин, бу йил ундай бўлмади. Биз икки сотих ерда пиёз, икки сотихда саримсоқпиёзни тажриба учун экдик. Негаки, энди бизда кичик ҳажмли артезиан қудуқ бор. Уни қазиш ва ишга тушириш учун фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши субсидия берди. Бунинг эвазига нафақат биз, балки, қўни-қўшниларимиз ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни бошлади. 

Ишчи гуруҳи томорқа ер эгалари етиштирган қовунни қишда сотиш учун қандай тартибда сақлаётганини кўрди. Хонадонларда етиштирилган бу қовунлар нафақат тумандаги, балки қўшни вилоятларга ҳам етказиб берилаётгани таҳсинга лойиқ. Мисол учун, Н.Танибергеновнинг омборхонасида 60 минг дона қовун, қишда аҳолига етказиб бериш учун сақланмоқда. 

– Биз тумандаги кўплаб хонадонларда бўлдик, уларнинг қизиқишлари, режалари ва муаммолари билан танишдик, – дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси А. Ҳаитов. – Мисол учун, “Бирлик” маҳалласида чорвачилик билан шуғулланаётган Ҳамид Жумамуродов хонадонида бўлганимизда наслли чорва моллари парваришлаётганига гувоҳ бўлдик. Хонадон эгаси келгусида чорва бош сонини янада кўпайтириш мақсадида кредит олиш истагини билдирди. “Шаббоз” маҳалласида очиқ электрон танлов орқали деҳқон хўжалиги ташкил этган фуқароларнинг ижара ерлари ҳолати билан танишдик. 10 та янги ташкил қилинган деҳқон хўжалиги 1,2 гектарда помидор, лавлаги, сабзи етиштирган бўлиб, ҳосил йиғилмоқда. 

Ишчи гуруҳи тумандаги “Томорқа хизмати”да мавжуд асалари қутилари ва уларнинг аҳолига етказиб бериш жараёнига ҳам гувоҳ бўлди. Айниқса, намунали томорқа ер эгаси Эркин Алланов томорқасида ташкил этилган иккита бир сотихлик иссиқхона кўпчиликда яхши таассурот қолдирди. Хонадон эгасига қулупнай кўчатлари ва мевасини етиштириш борасида тавсиялар берилди. Агарда бу экин бу ҳудудда оммалаштирилса, даромад ҳажми янада ошиши тушунтирилди. 

Айни вақтда ҳудуд аҳолиси етиштирган маҳсулотларининг ортганини бозорга чиқармоқда. Рўзғор ҳам, шаҳардаги бозорлар ҳам тўкин. Бинобарин, озиқ-овқат хавфсизлиги глобал муаммога айланиб, яшиллик олами камайиб, иқлим ўзгариб бораётган шу кунларда меҳнаткаш қишлоқ одамларининг бугунги саъй-ҳаракати таҳсинга лойиқ. 

Н.Бозорова, ЎзА

https://uza.uz/uz/posts/qishloq-xozhaligi-mahsulotlari-etishtirish-hazhmi-oshadi_521052

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram