Томорқа ер эгаларига субсидиялар ажратилмоқда
Сўнгги йилларда республикада деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига ажратилган майдонлардан самарали фойдаланиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ аҳолисининг бандлиги ва турмуш даражасини ошириш, сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқаларини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғилашга субсидиялар ажратиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг 2020 йил 30 июндаги “Аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Унга кўра, 2020-2022 йилларда 1699 кичик ва катта вертикал суғориш қудуқлари қазилиши учун Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан 147,7 миллиард сўм субсидия ажратилди. 2023 йилда ҳам сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқалари, деҳқон хўжаликлари ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғилаш мақсадида 100 миллиард сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликларининг таклифларига асосан 791 та, жумладан, 203 та кичик, 584 та катта қудуқ ва 4 та насос агрегатларини ўрнатишнинг манзилли рўйхати шакллантирилди.
Жорий йилнинг 1 август ҳолатига кўра, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан 412 нафар талабгорга артезиан қудуқлар учун 48,2 миллиард сўм йўналтирди. Натижада республика бўйича 88 та тумандаги 298 та маҳаллаларда 340 та катта ҳажмдаги ва 72 та кичик ҳажмдаги артезиан қудуқлар қазилди. Бу эса 10,2 минг хонадоннинг 1 230 гектар томорқа ер майдонини сув билан таъминлаш имконини берди. Улар йилига икки-уч марта ҳосил олиш, маҳсулот етиштириш орқали даромадга эга бўлмоқда.
Аслида ҳам жамғарманинг мақсади ҳам шу. Яъни давлат томонидан қишлоқ хўжалигини молиявий қўллаб-қувватлаш орқали субсидия ажратилиши натижасида ҳудудларда аҳолини қўшимча даромад манбаи билан таъминлаш, томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, бозорларда озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш ва нарх-наво барқарорлигини сақлашга эришишдир.
Аббос Мусурмонов,
Маъруфжон Ўрозов,
Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа
ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси мутахассислари
ЎзА
https://uza.uz/uz/posts/tomorqa-er-egalariga-subsidiyalar-azhratilmoqda_514652