Томорқа ер эгалари қўллаб-қувватланмоқда

Мамлакатимизда аграр соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг 2023 йил 31 январдаги “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида аҳолининг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлашни янги босқичга олиб чиқишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори бу борада муҳим дастуриламал вазифасини ўтамоқда.  

Айни пайтда юртимизда 3 мингдан ортиқ “Томорқа хизмати” МЧЖлар фаолият юритмоқда. Бу корхоналар агротехник тадбирларни амалга ошириш ва аҳоли томорқаларида маҳсулотларни етиштириш учун зарур техникаларни етказиб бериш, етиштирилган маҳсулотларни сотиб олиш, қайта ишлаш, шу билан бирга экспорт қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.  

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан бугунги кунга қадар “Томорқа хизмати” МЧЖларни молиялаштириш учун 407 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилган. Ушбу маблағлар кўчатчилик иссиқхонаси, қишлоқ хўжалиги техникалари, юк сақлаш ва совиткичли омборхоналар, уруғ, кўчат, ўғит, кимёвий воситалар дўкони, ихчам иссиқхоналар қуриш, мевани қуритиш ва қайта ишлаш цехлари, инкубатор, сунъий қочириш пункти каби йўналишларда фойдаланилган.  

Томорқа ер эгаларига ажратилган маблағлар эвазига 16725 нафар томорқа ер эгаларига ажратилган 320,4 миллиард сўм имтиёзли кредитлар натижасида, 4546 та хонадонда жами 81,6 гектар майдонда иссиқхона ташкил этилган бўлса, 6448 хонадонда 62,8 минг бошдан ортиқ зотдор қўй, 1174 хонадонда эса 3804 қорамол, 2200 хонадонда 425 мингдан ортиқ зотдор парранда, 620 хонадонда 11200 дан ортиқ асалари қутилари, 212 хонадонда 10,9 мингдан ортиқ қуён, 415 фуқаро томонидан салкам 700 та мотокультиватор сотиб олинган  

Президентимизнинг 2023 йил 12 апрелдаги “Қишлоқ хўжалиги корхоналари дала четларидаги ер майдонларида маҳсулот етиштириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига асосан Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан қуритиш цехи ва совиткичли омборхоналарни харид қилишга 50 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланган. Бугунги кунга қадар ушбу мақсадлар учун 20 миллиард сўм маблағ ажратилган.  

Томорқаларда агротехник тадбирларни амалга ошириш учун Жамғарма томонидан хориждан томорқада ишлашга мўлжалланган мингдан ортиқ минитехника ва асбоб-ускуналар фуқаролар ва “Томорқа хизмати” га етказиб берилди. Шу билан биргаликда амалга оширилаётган ишларни янада кенгайтириш мақсадида Республика ҳудудларида жамғарма ходимлари томонидан семинар ҳамда тренинглар ўтказилмоқда.  

Иномжон ЖАЙНАРОВ,

Маъруфжон ЎРОЗОВ,

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини

қўллаб-қувватлаш жамғармаси мутахассислари

ЎзА

https://uza.uz/uz/posts/tomorqa-er-egalari-qollab-quvvatlanmoqda_512140

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram