Томорқачилик ривожи фаровонлик омили
Томорқачиликни ривожлантириш миллий марказида уч кунлик ўқув машғулоти бўлиб ўтди. Унда Хоразм, Навоий, Сирдарё вилоятларида фаолият юритаётган фермер ва томорқачиларнинг соҳага тегишли билим ва кўникмаларини оширишда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ходимлари ҳамда Солиқ қўмитаси ҳузуридаги Фискал институти ўқитувчилари иштирок этди.
Ўқув машғулотларида фермер хўжаликларининг бухгалтерия ҳисоби юритилиши, товар-моддий захиралари, пул маблағлари, дебиторлик, кредиторлик қарзларини инвентаризациядан ўтказишни таъминлаш, солиқ ҳамда бошқа мажбурий тўловларнинг ўз вақтида тўланишини ташкил этиш, молиявий ва статистика ҳисоботларини тузишга оид билим, кўникмалар шакллантирилди.
– Мақсадимиз мева-сабзавот ва боғдорчилик маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг инновацион шакллари ва технологияларини ўзлаштириш, шунингдек, парранда, балиқ, қуён, асалари ҳамда майда шохли молларни интенсив усулда кўпайтириш орқали томорқачилик илмини оммалаштиришдан иборат, – дейди Томорқачиликни ривожлантириш миллий маркази директори З.Эшнаев. – Бунинг учун тегишли ҳужжатлар асосида миллий марказимизга 1,24 гектар майдон ажратиб берилган. Ҳозирда юртимизда 502,8 минг гектарда 5,5 миллион нафардан ортиқ томорқа эгалари фаолият юритаётгани, улар томонидан картошканинг 84 фоизи, сабзавотнинг 71 фоизи, полиз, узум ва меваларнинг 55-60 фоизи, чорвачилик маҳсулотларининг 94 фоиздан ортиғи етиштирилаётгани таҳсинга лойиқ.
Албатта, томорқачиликни ривожлантириш йўлида ўқув марказ фаолиятини йўлга қўйилиши келгусида аҳолининг ўз шахсий томорқаларидан самарали фойдаланиши, йилига 3-4 марта ҳосил олиши ва бозорларнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан тўлишига хизмат қилади. Ўқув машғулотлари якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилди.
Н.Бозорова, ЎзА
https://uza.uz/uz/posts/tomorqachilik-rivozhi-farovonlik-omili_499188