Аграр соҳада Туркия билан ҳамкорлик кенгаймоқда
Қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш, тармоққа ўзига хос инновацияларни жорий этиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Соҳада натижадорликни ошириш мақсадида хорижий давлатлар билан ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, уларнинг тажрибаларини ўрганиш масалалари доимий эътиборда.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашида Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА) нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
ТИКА раҳбари Али Риза Тезкан билан Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси ўринбосари Т.Саттаров, Агро ахборот-инновация маркази раҳбари М.Йўлдашев учрашди.
Учрашувда ҳар иккала томон йиғилганларга ўз фаолияти ҳақида батафсил маълумотлар берди ва тизимда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар борасида фикр алмашилди.
Хабарингиз бор, Туркияда боғдорчилик, иссиқхоналар, томчилатиб суғориш тизимларини ишлаб чиқариш кенг ривожланган. Бу борадаги ютуқлар ва тажрибани юртимиздаги томорқа хўжаликларида жорий этиш ўзини оқлаши шубҳасиз.
Шу боис томонлар келгусида Ўзбекистонда лимон, апельсин, мандарин, бодринг, помидор, аччиқ қалампир кўчатларини етказиб бериш йўналишида ҳамкорлик қилишга келишиб олинди. Бунинг учун Ўзбекистон фермер деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг Қува туманидаги 395 гектарлик марказида кўчатчилик, Янгийўл туманидаги 20 гектарлик томорқачилик марказида иссиқхона, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида чорвачилик соҳасида лойиҳалар амалга оширилади.
Натижалар кутилганидек бўлиши учун кадрлар салоҳияти ҳам муҳимлиги ҳисобга олиниб, аграр соҳада ёшлар ва аёлларни қўллаб-қувватлаш борасида Туркия билан ҳамкорликда тажриба алмашиш ўқув курслари ҳам ташкил этиш назарда тутилган.
Нилуфар Бозорова, ЎзА
https://uza.uz/uz/posts/agrar-sohada-turkiya-bilan-hamkorlik-kengaymoqda_495084