Президент қарори амалда: томорқа даромад манбаи
Жиззах вилоятининг барча қишлоқ ва маҳаллаларида томорқадан самарали фойдаланиш, ўзини ўзи банд қилиш орқали томорқачиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимизнинг 2018 йил 26 апрелдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 мартдаги “Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорлари қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш, маҳсулотлар сифати ва миқдорини ошириш, айниқса қишлоқ ҳудудларида аҳоли бандлигини таъминлаш, бўш ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этишда муҳим аҳамият касб этаётир.
Вилоятнинг Дўстлик ва Фориш туманларида аҳоли томорқасидан самарали фойдаланиш бўйича ўтказилган ўқув-семинарларида ҳам ушбу ҳужжатларнинг ижроси ва аҳамияти ҳақида сўз борди.
Дўстлик тумани фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, ҳоким ёрдамчилари ва маҳалла оқсоқоллари иштирокида “Алишер Навоий”, “Манас”, “Наврўз”, “Қаҳрамон”, “Олтин водий”, “Саритепа”, “Бунёдкор” ва бошқа маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги томорқалардан самарали фойдаланиш ишлари муҳокама этилди.
Унда томорқадан унумли фойдаланиб, рўзғор учун зарур озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири эканлиги таъкидланди.
Фориш тумани деҳқон, фермер хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши “Хонбанди” МФЙ маъмурияти билан ҳамкорликда шу маҳалланинг “Тиббиёт” кўчасида яшовчи А.Избосаров, М.Довилова хонадонида томорқадан самарали фойдаланиш ишлари билан танишилди. Аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилаш мақсадида томорқадан самарали фойдаланиш, “Бир маҳалла бир маҳсулот” тамойили асосида маҳаллани муайян турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга ихтисослаштириш, аҳоли томорқасидан йил давомида 2-3 марта ҳосил олишни йўлга қўйиш бўйича фикр алмашинилди.
Шунингдек, семинарда ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар томорқасига экин экиш учун ерни тайёрлаш, кўчат билан таъминлаш, уруғлик етказиб беришда кўмаклашиш, маҳаллада 15-20 тонна қишлоқ хўжалик маҳсулотлари сақлашга мўлжалланган совуткичли омборхона ташкил этиш ҳақида ҳам сўз юритилди.
Дўстлик ва Фориш туманларида ташкил этилган ҳар икки тадбирда томорқада етиштирилган маҳсулотларнинг бозор расталаридан ўрин олиши оилаларга моддий ёрдам бўлиши баробарида, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ҳам муҳим ечим экани таъкидланди.
Шу каби семинарлар вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам белгиланган жадвал асосида ўтказилади.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА
https://uza.uz/uz/posts/prezident-qarori-amalda-tomorqa-daromad-manbai_493858