Орзухондаги шижоати Лола опадан мерос
Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги “Ғаффоржон нурли келажак” фермер хўжалиги дала шийпонига қуёш тик келганда кириб бордик.
Азим бақатераклар, толлар салқинида оромбахш шаббода ўйнайди. Ажабки, ҳузурли сўриларда ҳеч ким кўринмайди, фермер хўжалиги раҳбари Орзухон Нурбоевани ҳам денгиздек чайқалаётган буғдой даласидан топдик. Юз-кўзларидан, ҳаракатларидан ғайрат-шижоат, меҳнатга иштиёқ уфуриб турган фермер аёл ва ишчилар секин-аста тушликка йиғила бошлашди. Ҳар сонияни ғанимат билувчи миришкорлар билан шу фурсатдан фойдаланиб суҳбатлашдик, бир пиёла чой устида ҳангома-гурунгларига шерик бўлдик.
Ҳалол меҳнати, ташаббускорлиги билан элга танилиб улгурган, “Ташаббус”, “Ишбилармон аёл”, “Тадбиркор аёл” каби республика танловлари ғолиби ва совриндори бўлган Орзухоннинг самимияти, одмийлиги киши эътиборини тортади. Ахир, “юлдузлик касалига чалинган” тадбиркор-ишбилармонлар қанча?! Олтмиш гектар ер майдонида деҳқончилик қилиб келаётган фермернинг орзу-ниятлари, режалари кўп. Жорий йилда пахта ва ғалладан 45-50 центнердан ҳосил олишни кўзлаб меҳнат қилмоқда. Айниқса, уруғлик супер элита навли буғдой даласи кўзни қувнатади, бўлиқ бошоқлар хирмон баракасидан дарак бериб турибди. Уч йил олдин давлат дастури орқали Германиядан 32 бош наслли қорамол олиб келинган эди, бугун қўрада 70 таси парваришланяпти. Сигирлардан ҳар куни 700 литр сут соғиб олинади.
– Ерга меҳр берсанг, пешона теринг тўкилса, ўн-юз чандон қилиб қайтараркан. Етти йил олдин фермер хўжалиги ташкил қилиб, бу ерларга келганимизда қора шўр қоплаб ётган эди. Яратгандан сўраб, холис меҳнат қилдик, кам бўлмадик, – дейди Орзухон. – Ҳар бир майдоннинг ўз “характери, феъл-атвори” бўлади, тупроқ таркибига қараб муомала қилинади. Йўқса, кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди. Баъзилар ҳосилни йиғиштириб олгач, қишда дам олади. Бу нотўғри. Йил-ўн икки ой ерга эътибор бериш керак.
Орзухон марҳум устози Ўзбекистон қаҳрамони Лолахон опа Муродовадан кўп нарсаларни ўрганди, ўрганганларига амал қилиб адашмади. Таъбир жоиз бўлса, ташаббускорлик, ғайрат-шижоат, саховат каби хислатлар устозидан мерос.
– Тўхтаб қолиш йўқ, режаларимизни бирин-кетин амалга ошириб келяпмиз. Худо хоҳласа, даромадларимиз ҳисобидан йўлларни асфальтлаш, даламизга ёндош Доимобод маҳалласига мактаб қуриш, сутни қайта ишлаш корхонасини барпо этиш каби мақсадларимиз бор. Давлатимиз раҳбари томонидан биз, фермерларга катта ишонч билдирилган пайтда бу масъулиятни зиммага олишимиз шарт, – дейди у.
Турмуш ўртоғи, икки ўғли билан ҳаётини шу ерларга боғлаган фермер билан суҳбатимиз узоқ чўзилмади. Тушлик якунланиб, кимдир сув очишга, кимдир қорамоллар томон шошади. Суҳбатдошимиз ҳам бесаранжом бўлиб, ғўза майдонига бот-бот тикилади. Унинг нигоҳларида эзгу мақсадларга собитлик, эл-юрт фаровонлиги йўлидаги ҳаловатсизлик жилваланади.
М.Сулаймонов,
ЎзА
https://uza.uz/uz/posts/orzuxondagi-shizhoati-lola-opadan-meros_492801