Белагро 2023 халқаро қишлоқ хўжалиги кўргазмасида ўзбекистонлик фермерлар иштирок этмоқда
Ўзбекистон фермер деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг ташаббуси билан Тошкент, Наманган, Жиззах вилоятлари вакиллари 1-7 июнь кунлари Беларусда бўлди.
Сафар давомида делегация аъзолари Беларус давлатининг аграр технологиялари университети, “Ягодка” фермер хўжалиги, “Смоловеч Молоко” акциядорлик жамияти каби ташкилотларда бўлиб, ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Унда Белорус давлати билан аграр соҳа ходимларининг малакаларини ошириш, кўп йиллик тажрибага эга ходимлар билан чорвачилик, резервор мевалар етиштириш ва экспорт импорт соҳаларида маҳорат дарслари ташкил этиш, Ўзбекистонга наслли чорва молларни импорт қилиш, уларга эса боғдорлик маҳсулотларини экспорт қилишга келишиб олинди.
“Ягодка” фермер хўжалиги манзарали кўчатлар ва резавор ўсимликлар етиштиришга иқтисослашган бўлиб, ҳозирда голубика, малина кўчатлари ҳам тайёрланар экан, – дейди Ўзбекистон агро ахборот инновация маркази раҳбари М.Йўлдошев.- Биз хўжаликни кўчатчилик майдонлари, in-vitro лабороторияси, музлатгичи ҳамда ўқув тажриба маркази билан танишдик. Шу ўринда айтиш керакки, мазкур хўжалик Самарқанд ва Наманган вилоятлари билан голубика етиштириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйган бўлиб, май ойларида пишган мевалар араб давлатларига экспорт қилинмоқда. Беларусининг ўзида голубика ўсимлиги август ойида пишиб етилади.
Ўзбекистон делегацияси Минск вилоятида йирик сут маҳсулотларини қайта ишловчи “Смоловеч Молоко” корхонаси фаолияти билан яқиндан танишди. Корхона 12 та йирик чорва хўжалиги ҳамда аҳолидан кунига 200 тонна сут қабул қилиб, 8 турдаги жаҳон стандартларига мос сут маҳсулотлари ишлаб чиқаради.
Хўжаликнинг чорвачилик комплекслари билан ҳамкорлиги кенг ва мунтазам шаклда йўлга қўйилган бўлиб, сут маҳсулотларининг ёғлилик миқдори 3.8 – 4 фоизни ташкил этади.
Ўзбекистон фермер деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакиллари 6 июнь куни Беларусда очилди “Белагро 2023” халқаро ихтисослаштирилган кўргазмасида ҳам иштирок этмоқда.
Унда ўсимликчилик, чорвачилик ва паррандачиликни ривожлантиришнинг илғор тенденциялари, маҳсулотни қайта ишлаш, қадоқлаш ва сақлашнинг замонавий технологиялари, турли қишлоқ хўжалиги техникалари кенг намойиш этилмоқда.
Миср, Эрон, Кения, Куба, Мўғулистон каби давлатлардан 450 та компания иштирок этаётган “Белагро” кўргазмаси ҳар йили бизнес музокаралар учун асосий платформалардан бирига айланади.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг рақобатбардошлигини таъминлаш, ер ресурсларидан экологик ва иқтисодий самарадорлик нуқтаи назаридан фойдаланиш, қишлоқ хўжалигида инновацион технологияларни ишлаб чиқаришда яқин ва узоқ хориж мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари бўйича кенг кўламли масалалар кенг муҳокама қилинади.
Мазкур халқаро кўргазмада Ўзбекистон фермер деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ходимлари, Тошкент, Наманган вилояти кенгаши раҳбар ва фермерлари ҳам фаол иштирок этмоқда.
ЎзА