Турсуной опа иссиқхонасида қовун пишди
Фарғона вилоятининг Олтиариқ тумани аҳолиси тадбиркорлиги, миришкорлиги билан довруқ қозонган. Уларнинг деҳқончиликдан барака топганини боиси шуки, улар қайси маҳсулотга қачон талаб кучайишига қараб иш тутади. Иштиёқи бор одам зукко бўлади. Ҳар ишнинг ҳадисини тез ўрганади.
Полосонлик Турсуной Алимқулова хонадонида уч сотихгина ери бор. Икки йил аввал оила бироз қийналганлигини эътиборга олиб, маҳалла фуқаролар йиғини тавсияси билан икки сотихли иссиқхона қуриб берилган эди. Турсуной опа турмуш ўртоғи Эргашали ака ва фарзандлари билан озгина ердан кўпгина даромад олиш нияти билан ҳаракатни бошлади. Устоз Анвар Обиджон таъбири билан айтилган – олтиариқлик ишбилгичларнинг бир хаёли бозорда, диққати томорқасида бўлди. Танқис маҳсулотнинг нархи баланд. Турсуной опа илгари қилмаган ишини тез ўзлаштириб, иссиқхонани тўлдириб қовун экди. Қўли мўмай пул кўриб, қизиқиши ортди. Бу йил оралатиб булғор қалампири ҳам эккан. Қолган бир сотих жой ҳам бекор қолмаган. Бодринг, помидор, қалампир, карам, пиёздан тортиб ҳамма мевалардан бор.
Ҳовли бурчагида 10-15 та товуқ билан иккита бузоқ боқиляпти. Кўча ва ҳовли устида узум-ток, остида атиргуллар. Турсуной опа ҳосил ортидан ўғиллари учун уй ва машина олишни ҳам ният қилган.
М.Сулаймонов,
ЎзА
https://uza.uz/uz/posts/tursunoy-opa-issiqxonasida-qovun-pishdi_481453