МУНОСАБАТ
Урганч туман кенгаши депутати Ш.Худайбергановнинг ижтимоий тармоқдаги билдирган фиқрига муносабат.
Хоразм вилояти ҳудудида жорий йилнинг апрел ойида кузатилган ноодатий об-ҳаво оқибатида айрим фермер хўжаликлари далаларидаги пахта, узум ва сабзавот экинларини совуқ уриб, бундан кўпчилик фермерлар зарар кўрди.
Бундай кутилмаган ҳолатни олдини олиш учун биринчи навбатда ишни суғуртадан бошлаш керак.
“Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонуннинг 26-моддасида “Фермер хўжалиги ўзига қарашли ва ижарага олинган ишлаб чиқариш воситаларининг, қишлоқ хўжалиги экинзорлари ва кўчатзорларининг, кўп йиллик дов-дарахтларнинг, етиштирган маҳсулотининг, хом ашёнинг, материалларнинг йўқотилиши (нобуд бўлиши), кам чиқиши ёки шикастланиши хавфини, тадбиркорлик хавфини, шунингдек шартномаларни бузганлик учун ўзининг жавобгарлик хавфини ихтиёрийлик асосида суғурта қилдиради ҳамда қонунчиликда белгиланган тартибда ва шартлар асосида суғурта товони (суғурта суммаси) олади” деб белгиланган. Суғурта қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 17.06.2019 йилдаги 505-сонли қарори билан тасдиқланган “Пахта хом ашёси ва бошоқли дон экинларининг бўлғуси ҳосилини суғурталаш тартиби тўғрисида”ги Низом асосида амалга оширилади. Суғурта қилиш мутлоқа ихтиёрийдир.
Албатта ҳосилни хавф-хатардан суғурта қилиш учун давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватлаш бор. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 06.10.2022 йилдаги “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни молиявий қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-387-сонли қарори билан Молия вазирлиги 2023 йил ва келгуси йиллар учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан қишлоқ хўжалиги экинлари етиштирувчиларга ҳосилни суғурта қилиш харажатларининг 50 фоизини қоплаш мақсадлари учун Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасига зарур маблағлар ажратилишини ва қоплаб берилишини таъминлайди.
Маълумот учун: Суғурта таваккалчиликлари — бўрон, дўл, кучли ёмғир (жала), қурғоқчилик ва гармсел, тупроқнинг ўта намлиги, кучли қор ёғиши, қорасовуқ, сув сатҳининг паст бўлиши, сув сатҳининг баланд бўлиши (сув тошқини), яшин уриши, ёнғин, зараркунандалар, пахта хом ашёси ва бошоқли дон экинлари касалликлари киради.
Шуни хам алоҳида таъкидлаш лозимки, фермер хўжаликлари томонидан экинларни ва бўлғуси ҳосилни суғурта қилиш, шартномалар тузиш, тузилган суғурта шартномаси шартларини бажарилиши ёки суғурта ҳодисаси содир бўлганда кўрилган зарарларни тўламаслик ҳолатлари, умуман фермер хўжаликларининг хуқуқларини ҳимоя қилишда Хоразм вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши тизимидаги хуқуқшунослар томонидан амалий ёрдам кўрсатилиши таъминланади.
Фермер хўжаликларини манфаатлари ва қонуний хуқуқларини ҳимоя қилиш бизнинг асосий вазифамиз ҳисобланади.
Зарар кўрган фермерлар бу хакида кенгашга хабар беришингиз сўралади.
Хоразм вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси в.в.б. А.Хўжаев