Дала четида кўчат экиш давом этмоқда
Азалдан халқимиз ернинг ҳар қарич еридан унумли фойдаланишга ҳаракат қилган. Бу анъана ҳозир ҳам давом этмоқда. Кимдир фойдаланилмайдиган ерга кўчат ўтказмоқда. Кимдир ерга ишлов бериб, турли сабзавот ва полиз экинлари экмоқда. Бу эса бозорларимизда деҳқончилик маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади, албатта.
Президентимизнинг 2022 йил 10 сентябрдаги “Деҳқон хўжаликлари ташкил этишни қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли даромадларини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори ҳам шу мақсадларни қўллаб-қувватлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Қарор билан юртимизда озиқ-овқат хавфсизлигини ва ички бозорларда нархлар барқарорлигини таъминлаш ҳамда аграр соҳада аҳолининг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш орқали уларнинг даромадларини ошириш, шунингдек, “Бир ҳудуд – бир маҳсулот” тамойили асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бугунги кунда Навоий вилоятининг Хатирчи туманида қарор ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, тумандаги 75 та фермер хўжаликларининг 109 та контурларидан жами 762,6 гектар ер майдонлари туман захирасига олинган ва 8331 та лотларга қўйилиб, деҳқон хўжалиги ташкил этиш истагида бўлган фуқаролар билан бир қаторда тумандаги кам таъминланган, “Темир дафтар” га киритилган фуқароларга ажратиб берилган.
Тумандаги “Ҳақиқат”, “Турсунов Камолиддин” ва“Ойзода Қодирова” фермер хўжаликлари дала четларидан унумли фойдаланилмоқда.
– Шу кунга қадар “Ҳақиқат” фермер хўжалиги дала четларининг 0,85 гектар ер майдонига мингдан зиёд, “Турсунов Камолиддин” фермер хўжалиги дала четларининг 1 гектар ер майдонига эса 1,5 минг донага яқин тут ва узум кўчатлари экилди, – дейди вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши етакчи мутахассиси М.Турдиев. – Шунингдек, “Ойзода Қодирова” фермер хўжалигининг 1,1 гектар ер майдонига 1 минг 620 дона тут ва узум кўчатлари экилиб, парваришланмоқда.
Бугунги кунда тумандаги пахта-ғаллачилик йўналишидаги 269 та фермер хўжаликлари томонидан 26,9 минг бош парранда, 5 минг 380 қути асалари уяси парвариш қилиш режалаштирилган.
Тузилган ишчи гуруҳи томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида амалда 43 та фермер хўжаликларида 3501 бош парранда ва 594 қути асалари уялари мавжудлиги аниқланди. Шунингдек, ҳудудда айрим фермер хўжаликлари томонидан дала четларига тут, узум ва қишлоқ хўжалиги экинларини экиш, асалари қутиларини ўрнатиш ишларида камчиликлар мавжуд. Ушбу камчиликлар юзасидан фермер хўжаликлари раҳбарларига ишчи гуруҳ томонидан тегишли кўрсатмалар берилди.
А.Бўриев, ЎзА
https://uza.uz/uz/posts/dala-chetida-kochat-ekish-davom-etmoqda_474971