Ҳар бир тупдан 3-4 килограмм ҳосил олиш мумкин
Президентимизнинг жорий йил 12 апрелдаги “Қишлоқ хўжалиги корхоналари дала четларидаги ер майдонларида маҳсулот етиштириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори юзасидан Навоий вилоятида ҳам тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Унга мувофиқ, қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги дала четларида ишларни тўғри ва сифатли ташкил қилиш, ер эгаларига экишдан бошлаб маҳсулотни реализация қилишгача бўлган даврда амалий ёрдам бериш учун республика бўйича ҳар бир туманда 4 нафаргача, жами 672 нафар мавсумий агрономларни ишга қабул қилиш бошланди.
Қарор доирасида мазкур агентликнинг Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармасига жорий йилда 400 миллиард сўм бюджет ссудаси ҳисобидан 100 миллиард сўм йиллик 10 фоиз ставкада кредитлар ажратади. Бунда асосий эътибор дала четини ўзлаштириш ва маҳсулот етиштириш учун зарур бўлган уруғ, кўчатлар, минерал ўғитлар, кимёвий препаратлар, моддий-техник ресурслар бериш, сув таъминоти учун насос ҳамда қувурларни ўрнатишга 6 ойгача имтиёзли давр билан 12 ой муддатга йиллик 14 фоиз ставкада қарз ажратишга қаратилади. Шунингдек, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасига 50 миллиард сўм йўналтирилади. Ушбу маблағлар қишлоқ хўжалиги корхоналарига 36 ойгача имтиёзли давр билан 84 ой муддатда йиллик 14 фоиз ставкада ажратилади. Имтиёзли кредитлашда совиткичли омбор ва қуритиш ускуналари 60 фоиз қийматда, қолган 40 фоизига суғурта полиси гаров таъминоти сифатида олиниши белгилаб берилган.
– Айни вақтда Конимех туманида 32 та фермер хўжалигининг 362 гектар пахта, 1650 гектар ғалла майдонлари мавжуд, – дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши мутахассиси М.Турдиев. – Айни пайтда фермер хўжаликлари дала атрофларини обод қилиш ва кўкаламзорлаштиришга эътибор қаратмоқда. Ҳудуддаги фермерлардан бири қўли остидаги жамоаси кўмагида дала четларига умумий ҳисобда 3 минг тупдан зиёд помидор кўчати ўтқазди. Яқин кунларда “Волгоград” навли помидор кўчати хўжаликларга манзилли етказилади. Бунда ҳар бир тупдан 3-4 килограмм сара ҳосил етиштирилиши кўзда тутилган. Шунингдек, фермер хўжаликлари дала майдонидаги экинларни чанглатиш, ҳосилдорликни ошириш мақсадида ҳар бир фермер хўжалиги дала четида 8-10 тадан кам бўлмаган асалари уясини жойлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА
https://uza.uz/uz/posts/har-bir-tupdan-3-4-kilogramm-hosil-olish-mumkin_475046