Халқаро гуллар фестивали: Қалб гулларингиз япроқ ёйсин!

Авваллари Наманган олмаси билан донг таратган эди. Энди Наманган гилослари дунё бозорларини забт этди. Наманганликларнинг яна бир “нозик” жиҳатлари бор. Улар гул шайдоси.

 –Наманганнинг ҳар бир ҳовлисида гуллар етиштирилади. Аҳоли гул етиштиришга жуда ҳам қизиқади, – дейди Наманган вилояти ҳокими ўринбосари Ботир Нуриддинов. – Бу тарихга бориб тақалади. XIX асрда Бобур номли боғ ўрнида Гулзор номли маҳалла бўлган. Аҳоли гул етиштириш, гулдан қандолатчилик, асал олиш билан машҳур бўлган. 1920 йилда Бобур боғи маҳаллий ҳокимият ихтиёрига берилади ва шу ерда гулчиликка асос солинади. 1961 йилда эса биринчи бор шу ерда “Гуллар байрами” ўтказилади. 2019 йилда Президент топшириғи билан энди гул байрами Халқаро гуллар фестивалига айланиб кетди. 

Ҳар доим бир неча кунгина бўладиган гул байрами 2022 йилда Халқаро гуллар фестивали мақомини олгач, 15 кун давом этди. Наманганнинг боғлари, кўча-хиёбонлари турфа хил гулларга бурканди. Гул – гўзаллик. Гул – меҳр. Гул – умид. Ўшанда Наманган гўзаллик, меҳр-оқибат ва орзу-умидлар шаҳрига айланди. Мамлакатимиз вилоятларидан 3 миллион сайёҳ келди. 30 та давлатдан келган 50 мингдан зиёд гул шайдолари Халқаро гуллар фестивали иштирокчисига айланди. Бир умрга татигулик таассуротлар қолди, уларда. 

Хўш, бу йил-чи? Халқаро гуллар фестивалига қандай хозирлик кўриляпти? 

Наманганда раҳбарият қиёси йўқ қарор қабул қилган. Шаҳарга туташ 16 гектар майдонни ҳар бири 25-30 сотиҳдан тақсимланиб, 52 та гулчилар оиласига берилган. Уларга иссиқхона қуриш, гулчиликни ташкил этиш учун имтиёзли кредит маблағлари ажратилган. Қисқа муддатда бу ер гуллар фабрикасига айланди. Гулчиликнинг дунёда машҳур услублари жорий этилди. Гулчилар ассоциацияси тузилиб, илмий марказ, лаборатория очдилар. Гул навларини яратиш майдони самарали ишлаб турибди. 

Бундай эътибор ва ғамхўрлик жуда тез натижасини берди. 

–Юз турдан ортиқ гул етиштириляпти. Улар кўчат, тувак гул, мавсумий гуллар турларидир, – дейди моҳир гулчи Ойбек Тошпўлатов. – Голландиядан келган технология бўйича чатиштирамиз. Гулларимиз ноябрь ойигача очилаверади. 

Қайси гулчи иссиқхонасида бўлманг, турнақатор машиналарга гул кўчатлари авайлаб юкланаётганини кўрасиз. Улар Наманган шаҳригагина эмас, республикамизнинг барча вилоятларига, ҳатто Қорақалпоғистонга ҳам жўнатилмоқда. 

–Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистонга олиб кетишяпти гулларимизни, – дейди Отабек Тошпўлатов. – Ўтган йили Жалолобод вилоятига 11 миллионта гул сотдик. 

Халқаро гуллар фестивали арафасида 50 миллионта гул етиштирилди ва улар кўчалар ва майдонларни безамоқда. Ҳа, бу йил Наманган шаҳри ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ гулга бурканади. 

Шу ўринда Жўрахон ака Мўминов номини ҳам тилга олмасак бўлмас. Бу табиатшунос инсон мана 48 йилдирки ноёб гуллардан бири – кактуслар билан шуғулланади. Гул байрамларини энг биринчи иштирокчиларидан. 

– Гул байрамига 1972 йилдан буён қатнашаман. Биринчи бор кактус олиб чиққанимда одамлар, ҳа бу тикан гул эканда, деб ўтиб кетаверган, – дейди Жўрахон ака. – Ҳар йили олиб чиқаверганимдан кейин одамларда қизиқиш пайдо бўлди. Энди қачон гул байрами бўлса кактус олдига келишади. Сизни бир йилдан буён кутамиз, дейишади. Ҳозир коллекциямизда 1200 номдаги кактуслар бор. 

Бу йилги фестивалнинг яна бир кекса иштирокчиси бор. Бу 51 йилдан буён одамларга ўзини намойиш қилаётган бобокактусдир. 

–Баъзи бир кактуслар бор. Ўзининг ватанидаги об-ҳавони хоҳлайди. Ўшанда гуллайди. Масалан, мана бу кактусни 63 йилдан буён боқаман, гулламайди. Одамлар шундан топиб бер деяверади. Мен ўсиш нуқтасини кесиб ташлайман. Шунда у болалайди. Шу йўл билан кўпайтираман, – дейди устоз гулчи Жўрахон ака Мўминов. 

Бу йил давлат раҳбарининг топшириғига кўра Халқаро гуллар фестивали бир ой давом этади. Унинг ҳар бир куни шубҳасиз гўзаллик байрамига айланади. 

https://www.youtube.com/embed/8mcw-ty4To0

–62-Халқаро гуллар фестивалини 150 дан ортиқ гулларга бурканган автосаф очиб беради. Бу йилдан бошлаб Марказий Осиёда ягона бўлган “Афсоналар водийси”да ҳам гул манзаралари ташкил этилади. Чет эл гулчилик ассоциациялари ҳам ўзларининг компазициялари учун жой ажратишни сўраб мурожаат қилишяпти, – дейди Ботир Нуриддинов. – Гала концерт 22 майга режалаштирилган. Мана шу бир ой давомида ҳар куни спорт, маданий тадбирлар, дроншоу, цирк, театр томошалари ташкил этилади. 

Айтай десак гап кўп. Яхшиси, сиз ҳам гуллаб-яшнаётган Наманганга келиб, Халқаро гуллар фестивали меҳмони бўлинг. Ана ўшанда қалб гулларингиз япроқ ёйиши аниқ. 

Муҳаммаджон Обидов, 
Элёр Олимов (видео) 
ЎзА

https://uza.uz/uz/posts/halqaro-gullar-festivali-qalb-gullaringiz-yaproq-yoysin-video_472440

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram