Деҳқон хўжалиги ерларини ижарага олиш бўйича ўтказиладиган танловлар қоидасига ўзгартириш киритилди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 3 апрелда «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари ижарасига доир ҳуқуқий муносабатлар такомиллаштирилиши муносабати билан Вазирлар Маҳкамасининг «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида» 2021 йил 24 ноябрдаги 709 сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қарори қабул қилинди.

Ушбу қарор билан қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди:  

– танловларда фақат ер участкаси жойлашган ҳудудда (Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар кесимида) доимий ва вақтинча рўйхатдан ўтган ҳолда яшовчи шахслар қатнаша олади ва талабгорларга туман бўйича қўшимча коэффициент ҳисобланади;  

– танлов ғолиби қўшимча тўлов мажбуриятини қабул қилса, ушбу тўлов мажбуриятининг 5 фоизини ижара шартномаси тузилгунга қадар тўлаши талаб этилади (тўлов операторнинг махсус ҳисоб варағига шахсий кабинет орқали тўланади);  

– қўшимча тўловнинг қолган қисми ижара муддатида, ҳар бир йилга тенг бўлган ҳолда (15 апрель ва 15 октябрга қадар тенг улушда) тўланади; 

– қўшимча тўловнинг 5 фоизини тўламаган ёки шартнома имзолашни рад этган ғолиб ҳамда унинг тўғридан тўғри таъсисчилари ҳисобланган шахслар савдо қоидаларини бузган деб эътироф этилади ва биринчи марта содир этилганда 1 йил муддатга, иккинчи марта такрорланганда эса муддатсиз даврга танловлардан четлатилади.  

– танловда қатнашиш учун ариза юбориш ҳамда ижара шартномасини имзолашда махсус идентификациялашдан фойдаланиш имконияти яратилади;  

– ғолиб тўлаган қўшимча тўловнинг 5 фоизи тегишли туман (шаҳар) маҳаллий бюджетига ўтказиб берилади ва бу сумма ижара шартномасидаги қўшимча мажбурият тўловида инобатга олинади.  

Деҳқон хўжалиги учун мўлжалланган ерларни ижарага беришда:  

– ер участкаларини электрон танловда ижарага олишда тўланиши зарур бўлган қўшимча тўловларнинг энг юқори чегараси белгиланди (энг юқори балл 36 балл);  

– деҳқон хўжалиги ерларининг норматив қийматидан келиб чиқиб ижарага олиш муддатига ҳисобланадиган қўшимча тўлов ставкалари белгиланди;  

– 1 баробарига тенг – 10 балл  

– 2 баробарига тенг – 20 балл  

– 3 баробарига тенг – 30 балл  

– 4 баробарига тенг – 36 балл  

– ишсиз оила аъзолари сони ҳақидаги маълумот маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси томонидан киритилади;  

– талабгорнинг аграр соҳадаги олий ёки ўрта махсус маълумоти учун автоматлаштирилган тартибда балл берилади.  

Қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерларни юридик шахсларга ижарага беришда:  

– қишлоқ хўжалиги ерларини ижарага олиш учун танловда ғолиб бўлиш учун ихтиёрий равишда олинадиган қўшимча тўловлар:

чорвачиликдан бошқа йўналишлар учун  

 – 1 баробарига тенг – 18 балл  

– 2 баробарига тенг – 38 балл  

– 3 баробарига тенг – 58 балл  

– 4 баробарига тенг – 78 балл.  

Чорвачилик йўналиши учун  

– 1 баробарига тенг – 18 балл  

– 2 баробарига тенг – 35 балл  

– 3 баробарига тенг – 70 балл  

– 4 баробарига тенг – 88 балл.  

– талабгорда бир нечта турдаги техника мавжуд бўлганда энг юқори баллга эга бўлган тоифадаги техника бали ҳисобга олинади;  

– қишлоқ хўжалиги ерлари учун танловда ғолиб бўлган шахс қўшимча тўлов мажбуриятини олса, унинг 5 фоизини тўлаш, шартнома имзолаш ва жисмоний шахслар учун ягона таъсисчилигидаги юридик шахс ҳақида ахборотни киритиш учун беш иш кунлик муддат берилади.  

Ер участкаларини ижарага олиш бўйича танловда ғолиб бўлиш учун қўшимча тўлов мажбурияти олинса, уни тўлаш тартиби:  

– тўлов графиги ижара шартномасига илова қилинади;  

– қўшимча тўловлар 15 апрель ва 15 октябрга қадар тенг улушларда тўланиши талаб этилади;  

– қўшимча тўлов тўланмаса, ваколатли органлар томонидан ундириш чоралари кўрилади.  

2022 йил давомида ва 2023 йил бошидан 4 апрелга қадар қишлоқ хўжалиги ерларини ижарага олиш бўйича ўтказилган танловларда ғолиб бўлиш учун қўшимча мажбурият олган юридик ва жисмоний шахслардан ер участкаси бўйича ижара ҳуқуқи (шартномаси) давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ҳисобланади ва ундирилади.  

ЎзА  

https://uza.uz/uz/posts/dehqon-xozhaligi-erlarini-izharaga-olish-boyicha-otkaziladigan-tanlovlar-qoidasiga-ozgartirish-kiritildi_470005

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram