Чигитни муддатидан олдин ёки кеч экиш кутилган натижани бермайди

Навоий вилоятида чигит экиш мавсумини қисқа кунларда якунлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йил пахта ҳосили учун 842 та фермер хўжалигининг 28 минг 155 гектар майдонига чигит экиш режалаштирилган.

Айни пайтда вилоятнинг Кармана, Навбаҳор, Қизилтепа, Хатирчи ва Конимех туманларида ерга чигит қадалмоқда.  

– Вилоятдаги мавжуд фермер хўжаликларига 4 та пахтачилик кластери томонидан хизмат кўрсатилади, – деди вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси Мустафо Қувондиқов. – Жумладан, “Бахт текстил” МЧЖ томонидан 11 минг 895 гектар, “Навбаҳор текстил” МЧЖ томонидан 6 минг 960 гектар, “Textile Navoiy Groupe” МЧЖ томонидан 7 минг 100 гектар ва “Худойшукур бобо кластер” МЧЖ томонидан 2200 гектар майдонда пахта ҳосили етиштириш юзасидан фермерлар билан шартномалар тузилган. Жорий йил чигит экиш мавсумига пухта тайёргарлик кўрилди. Пахтачилик билан шуғулланувчи фермерларга тракторлари билан биргаликда борона, сеялка, чизел, мола, чигит ташувчи транспорт воситаси ва ёқилғи ташиш мосламалари бириктирилган. Чигит экиш учун зарур бўладиган ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари ва фосфорли ўғитлар ҳисоб-китоб қилиниб, захираси яратилди.

–2023 йил пахта ҳосили учун чигит экиш кўзда тутилган майдонларга 1420 тонна уруғлик чигитлар сарфланиши инобатга олинди ва 1600 тонна уруғлик чигитлар сараланиб, дориланди, – дейди вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси пахтачилик бўлими бошлиғи Шербек Пардаев. – Чигит экиш режалаштирилган майдонлардан гектаридан ўртача 41,9 центнер ҳосилдорлик эвазига 118 минг тонна пахта ҳосили етиштиришни мўлжаллаяпмиз. Ушбу ҳосилдорликка эришиш мақсадида бугунги кунда жами 17 минг 474 гектар майдонда шўр ювиш ишлари амалга оширилиб, 16 минг 748 гектар майдонда чигит экиш учун нам тўплаш тадбирлари амалга оширилди. Чигит экиш тадбирларини сифатли ва белгиланган муддатларда якунлаш мақсадида жами 49 та отряд ташкил қилинди.  

Албатта, баҳорнинг ҳар бир кунини ғанимат билган фермерлар бугун чигит қадаш билан банд.  

Мутахассисларнинг фикрича, чигит белгиланган муддатларда экилса эртаги, бир текис ва соғлом кўчат олинади. Бунга уруғ юмшоқ, нам ва ҳарорати етарли бўлган тупроққа қадалганида эришилади. Чигитни муддатидан олдин ёки кеч экиш кутилган натижани бермайди. Тупроқ ҳарорати 13-14 даражага етганида 10 сантиметр чуқурликка чигит қадалса, уруғ қисқа кунларда кўтарилишни бошлайди. Туксиз чигит туклига нисбатан 5-6 кун кечроқ экилади.

Жорий йилда карманалик пахтакорлар 4 минг 595 гектар майдонга чигит экишни режалаштирган. Ҳозирда кунига 300 гектардан зиёд майдонга чигит экилмоқда.

Тумандаги “Музаффар Истамов” фермер хўжалиги 2005 йилдан буён фаолият кўрсатиб келади. Хўжаликда ҳар йили ғаллачилик ва пахтачиликда белгиланган агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва меъёрида олиб борилиши натижасида мўл ҳосил олинади.  

– Умумий ер майдонимиз 77 гектарни ташкил этади, – дейди фермер Музаффар Истамов. – Шундан 38 гектар майдонга мутахассислар билан маслаҳатлашган ҳолда чигитнинг “Бухоро – 102” навини экяпмиз. Ерларимиз оби-тобига келган. Намгарчилиги меъёрда. Ўтган йили 34 гектар майдондан 38 центнер ўрнига 40 центнердан ҳосил олинди. Шунингдек, 36 гектар майдонда ғаллачилик билан шуғулланамиз. Хўжалигимизда балиқчилик ва парандачиликни ҳам йўлга қўйганмиз. Даромадимиз меҳнатимизга яраша бўляпти. Ҳар йили даромадимиз ошиши натижасида ишчиларимизнинг манфаатдорлиги ҳам ошиб бормоқда.  

Айни пайтда чигит экиш билан биргаликда ерни тайёрлаш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Вилоятда мавсумни сифатли ва қисқа муддатларда якунлаш учун барча чоралар кўрилган.

Абдували Бўриев,  

Сирож Аслонов (сурат), ЎзА.

https://uza.uz/uz/posts/chigitni-muddatidan-oldin-yoki-kech-ekish-kutilgan-natizhani-bermaydi_468926

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram