ЎзЛиДеП: Биргаликда очиқ жамият сари!

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳиятига бағишланган турли давра суҳбатлари, учрашувлар, эвент-тадбирлари давом этмоқда.

Навбатдаги тадбир ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ташаббуси билан Элликқалъа тумани маданият саройи очиқ майдонида ташкил қилинди.

“Биргаликда очиқ жамият сари!” шиори остида ўтказилган ушбу тадбирда ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси А.Хаитов, партия Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ходимлари, Халқ депутатлари туман кенгаши депутатлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Учрашувда сўз олган партия вакиллари бугун барча саъй-ҳаракатлар инсон қадрини юксалтиришга қаратилгани, Бош қомусимизга киритиладиган жамики ўзгаришларнинг негизида Ўзбекистонда кечаётган ислоҳотлар моҳиятини белгиловчи “Инсон қадри учун” улуғвор ғояси мужассам эканини таъкидлашди.

Нотиқлар қайд этганидек, биринчи маротаба Бош қомусимизда ҳар кимнинг Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча мавжуд ички воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, мурожаат этишга ҳақлилиги мустаҳкамланмоқда. Бу фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси нафақат миллий қонунчиликда белгиланган нормалар, балки халқаро ҳуқуқ асосида ҳам ҳимояланишини таъминлайди. Яна бир эътиборга лойиқ жиҳат – лойиҳада давлатнинг фуқароларга Интернет тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиши кафолатланяпти.

Ҳар бир шахснинг республика ҳудудида эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқи, республикадан ташқарига чиқиш ҳуқуқи ҳамда Ўзбекистон фуқароларининг Ўзбекистонга монеликсиз қайтиш ҳуқуқи белгиланмоқда. Эндиликда мазкур конституциявий қоида киритилиши билан эркин ҳаракатланиш қадрият даражасида олий ҳуқуқий норма сифатида мустаҳкамланяпти.

Конституциямизга илк маротаба фуқаролик жамияти институтларига бағишланган алоҳида боб киритилиши ва улар фаолияти кафолатларининг белгиланиши жамиятда очиқлик, ошкоралик ва қонунийлик муҳитини, давлат ва жамият ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш ҳамда кучли жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш учун мустаҳкам замин ҳозирлайди.

Бундан ташқари лойиҳада Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этиши, давлат бозор муносабатларини ривожлантириш, ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратиши, истеъмолчининг ҳуқуқлари устуворлигини ҳисобга олган ҳолда иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини кафолатлаши ўз аксини топмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасида барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши таъминланиши ҳам қатъий белгилаб қўйилмоқда.

Либерал-демократик концепциянинг ташаббускори, ташувчиси бўлган ЎзЛиДеП Конституциямиздан ўрин олаётган мазкур ўзгартиришлар, янги қоидаларни тўла қўллаб-қувватламоқда.

Конституция лойиҳаси ЎзЛиДеП дастурий мақсадларига ҳамоҳанглиги, партия электоратининг хоҳишини тўла ифода этиши, халқимиз қалбидаги орзу-истакларни рўёбга чиқариши, шу боис уни ҳеч иккиланмасдан халқ Конституцияси деб аташ зарурлиги ҳақида ҳам фикрлар билдирилди.

Тадбирда партия фаоллари, тадбиркор ва ишбилармонлар, фахрийлар, ёшлар ҳам сўзга чиқиб, халқимиз тақдири ва эртанги кунини белгилаб берадиган тарихий қонунга бефарқ бўлмасдан 30 апрелда бўлиб ўтадиган рефрендумда фаол иштирок этишга чақирдилар. Тадбир концерт дастурига уланди, эстрада хонандаларнинг куй-қўшиқлари тадбир қатнашчиларига завқ улашди.

Ушбу тадбирдан сўнг партия вакиллари тумандаги тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликлари ва маҳаллаларда бўлиб, ташвиқот тадбирларини давом эттирдилар.

https://daryo.uz/k/2023/03/28/ozlidepbirgalikda-ochiq-jamiyat-sari

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram