Янгиланаётган Конституциянинг мазмун-моҳияти кенг жамоатчиликка тушунтирилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов бошчилигидаги бир гуруҳ депутатлар Қашқадарё вилоятида бўлди.
Қарши ҳамда Шаҳрисабз шаҳарларида маҳаллий Кенгаш депутатлари билан ўтказилган тадбирларда Конституциямизга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтилди.
Тадбирларда депутатлар, фаоллар, ёшлар вакиллари янгиланаётган Конституциямизнинг референдум орқали қабул қилинишини қанчалик аҳамиятли эканлиги, умумхалқ муҳокамаси ҳар томонлама мукаммал ташкил этилгани, парламент палаталари йиғилишларида Конституциявий қонун очиқ ва ошкора муҳокамалардан ўтказилганини алоҳида таъкидлади.
Ғузор туманидаги «Даштобод» маҳалласида ўтказилган учрашувда маҳалла вакиллари охирги йилларда мамлакатимизда аҳолининг фаровонлигини ошириш, хусусан уларнинг бандлигини, муносиб ҳаёт кечиришини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар ўз ижобий натижасини кўрсатаётганини таъкидлади. Айниқса, сўнгги йилларда юртимизда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинаётгани, аҳолининг қўшимча даромад олиш имкониятлари кенгаяётгани, халқимиз дастурхонига сифатли ва арзон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиш ҳажми ошаётганини қайд этиб, соҳадаги ишлардан мамнун эканликларини билдирди.
Қабул қилиниши мўлжалланаётган янги Конституцияда ҳам қишлоқ хўжалиги, ердан унумли фойдаланишга қаратилган қоидалар акс этгани таъкидланди.
Депутатлар «Янгиҳаёт» маҳалласида «Очиқ бюджет» тизими орқали маҳаллани обод қилиш йўлида амалга оширилган ишларни ҳам кўздан кечирди. Мазкур жараёнда маҳалла фаоллари ушбу тизим орқали маҳаллани обод қилганликлари, «Очиқ бюджет» тизими аҳолини қийнаб келаётган муаммоларнинг ечимини топишда муҳим омил бўлаётганини айтиб ўтишди.
Шаҳрисабз шаҳрида маҳаллаларда фуқаролар билан бўлиб ўтган учрашувларда ҳунармандчилик соҳасида давлатимиз раҳбари томонидан яратилган шарт-шароитлар ва имкониятлар минтақада соҳанинг ривожида, аҳолининг бандлигини таъминлашда, ҳунармандларнинг ўзлигини кенг намоён қилишларида муҳим омил бўлаётганини эътироф этдилар.
Бўлиб ўтган учрашув ва мулоқотларда фуқаролар мамлакатимизда амалга оширилаётган Конституциявий ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватлаган ҳолда, Конституциявий қонун лойиҳасининг юртимиз тарихида илк бор референдум орқали қабул қилинаётганини мамнуният билан маъқулладилар.
ЎзA