Янгиланаётган Конституция чинакам халқ Конституцияси бўлади
Кейинги йилларда мамлакатимиз қатор ютуқларга, ҳар бир соҳада ўзига хос муваффақиятларга эришмоқда. Энг йирик ютуқларимиздан бири — қўшниларимиз билан орамиздаги «музларнинг эригани» бўлди. Шунингдек, инсон ҳуқуқлари, одил судлов, нақд пул, валюта, кредит, ижтимоий ҳимоя соҳаларидаги юзлаб чекловлар олиб ташланди.
Негаки, ҳуқуқий саводхонликнинг етишмаслиги оқибатида қанчадан-қанча фуқаролар ўз инсоний ҳуқуқларидан маҳрум бўлганини ватандошларимиз яхши билишади. Бугун Ўзбекистон фуқаросиман деган ҳар бир кишида, ёшларда ҳуқуқий саводхонлик ўсган, керакли идораларга ўз тилида бемалол мурожаат қила олади.
Маълумотларга кўра, 2040 йилга бориб, мамлакатимиз аҳолиси сони 50 миллионга етиши кутилмоқда. Уларнинг ярмидан кўпи ёшлар бўлиши ва уларга муносиб шароитлар яратиб бериш учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратиш зарурлиги Ўзбекистонда Конституцияни янгилаш кераклигини кўрсатмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институтининг илмий ходимлари билан Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ва Кенгаш ҳузуридаги Жамғарма, Қува туманидаги «Томорқа ер участкаларини ривожлантириш илмий-амалий маркази», вилоят ва туман кенгашлари ходимлари иштирокида «Янги Ўзбекистонда янгиланаётган Конституция» мавзусида видеоконференция алоқа тизимлари орқали давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда тадбиркорнинг эркин фаолияти ва хусусий мулк ҳимояси кучайтирилаётгани, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги, ишбилармонлик муҳити таъминлангани, монополистик фаолият қонун билан тартибга солиниши, ер хусусий мулк бўлиши мумкинлиги ҳақида сўз юритилди.
Янгиланган Конституция «инсон-жамият-давлат» тамойилига асосланган, чунки унда барча тоифалар — ёшлар, аёллар, ногиронлар, ўқитувчилар, ҳатто жиноятчилар (адашган фуқаро)нинг ҳуқуқ ва манфаатлари ўз ифодасини топгани билан амалий аҳамиятга эга.
ЎзА
https://uza.uz/uz/posts/yangilanayotgan-konstituciya-chinakam-xalq-konstituciyasi-boladi_467099