ТОМОРҚА ХЎЖАЛИКЛАРИ ЖАДАЛ РИВОЖЛАНМОҚДА
Аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш орқали фуқароларнинг ўзини-ўзи банд қилиш тамойили асосида иш билан таъминланишига кўмаклашиш мақсадида Амударё туманида 8 та “Томорқа хизмати” МЧЖлар ташкил қилиниб, аҳоли томорқаларига сифатли хизмат кўрсатиб келинмоқда. Шунингдек, 2023 йилда “Жумуртов томорқа хизмат” МЧЖ негизида томорқачилик кластери ташкил этилиб, 12 та йўналиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилган. Ушбу лойиҳаларга кўра, томорқа ер эгаларини зарур кўчатлар, техника хизмати, маҳаллий ва минерал ўғитлар билан мунтазам равишда таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Жорий йилда амударёлик деҳқонлар 2023 йил ҳосили учун 5807,3 гектар ер майдонига эртаги экинлар, 3346,7 гектарга такрорий, 2613,0 гектар майдонда тўқсонбости экинлар экишни режалаштиришган. Шунингдек, 13,9 гектар томорқа ер майдонида 1183 та иссиқхона мавжуд бўлиб, айни пайтда барчасида кўчатлар ва эртаги сабзавот ниҳоллари парвариш қилинмоқда.
Шунингдек, тумандаги ҳар бир сектордаги 2 тадан маҳалла ҳудудида 521 та хонадон ихтиёридаги томорқа ер майдонлари намунали томорқа даражасига етказилиши мўлжалланган.
Қангли овулида истиқомат қилувчи Саиджон Ҳайитбоев томорқа хўжалигини асосий даромад манбаига айлантириб, ўзи, фарзандлари ва умр йўлдошининг доимий иш билан бандлигини таъминлаганидан мамнун. Саиджон оға 27 млн. сўмлик имтиёзли кредит маблағи ҳисобига томорқа ерининг бир қисмида 5 сотихли иссиқхона хўжалигини ташкил этганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Лекин иссиқхона хўжалигида эртаги сабзавот ва полиз экинлари кўчатларини тайёрлаб, бозорга олиб чиққан илк мавсумдаёқ деҳқончилик соҳасидаги бу йўналиш ҳақиқатан ҳам кони фойда эканлигини ҳис этди. Зиммасидаги кредит маблағини сўндириш Саиджон оға учун муаммо бўлмади. Иссиқхона хўжалигидан йилига 35-40 млн. сўм даромад кўрган томорқачи қисқа вақт ичида кредит маблағининг асосий қисмини сўндиришга ҳам улгурди.
Саиджон оға томорқа хўжалигидан келган даромад туфайли уч қиз, бир ўғилни ўқимишли, касб-корли қилди. Катта қизи Тошкент Давлат Аграр университетида фан доктори, яна бир қизи шифокор, ўғли ветеринария соҳаси билимдони, кенжа қизи эса ажойиб уй бекаси. 11 нафар неваранинг бобоси бўлган Саиджон оға яқинда шахсий автомобилини янги “Кобальт” русумли автомобилга алмаштирди.
Томорқада 12 минг тупдан зиёд помидор, булғор қалампири, бодринг кўчатлари барқ уриб ривожланмоқда. Кўчатларнинг эса харидорлари бисёр.
Кўчатчиликдан ташқари, иссиқхонада эртаги бодринг, помидор етиштирилиб, июнь ойининг ўрталарида ҳосилдан бўшаган ерга такрорий экин сифатида кузги барра пиёз, кўкатлар ва яна бодринг ва помидор экишади.
– Кузги сабзавотлар жуда харидоргир бўлади, – дейди Саиджон оға. – Худо хоҳласа, томорқа еримиздан бу йилги даромад янада мўл бўлишига умид қилаяпмиз. Невараларим ҳам кўмакчи бўлиб қолишди.
Биз эса томорқани оила бюджетининг барқарор таъминот манбаига айлантирган Саиджон оға Ҳайитбоевнинг ишларига барака тиладик.
Робия Йўлдошева
http://amunews.uz/news/8755