Томорқачиликни ривожлантириш учун ажратилган маблағлар нималарга сарфланмоқда?
Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томорқачилик билан шуғулланиш истагида бўлган фуқароларга тижорат банклари орқали йиллик 7 фоизли кредитлар ажратмоқда. Ушбу маблағлар доимо деҳқончилик билан шуғулланган фуқароларга ажратилгани сабабли, мониторинглар жараёнида маблағлардан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари жуда кам учраган.
Бир томонлама ислоҳотларнинг самараси узоққа чўзилмаслиги инобатга олинган ҳолда Жамғарма томорқачилик соҳасининг оғриқли нуқталарини аниқлаш ва ушбу йўналишларни қўллаб-қувватлаш чораларини кўрмоқда.
Кейинги беш йилда Жамғарма фаолиятининг асосий йўналишлари бир қатор муҳим жиҳатларни қамраб олган. Мисол учун, томорқада етиштирилган маҳсулотларни фуқаролардан харид қилиш ва олдиндан буюртма бериш орқали томорқаларда шунингдек, маҳаллаларда маҳсулот етиштиришга кўмаклашувчи “Томорқа хизмати” МЧЖлар, фермер ва деҳқон хўжаликларини қўллаб-қувватлайди. Томорқаларда агротехник тадбирларни амалга оширишда зарур бўлган ва юртимизда ишлаб чиқарилмайдиган қишлоқ хўжалиги техника ва асбоб-ускуналарини арзон нархларда етказиб беради. Сув таъминоти оғир ҳудудларда артезиан қудуқларини қазиш харажатлари учун субсидиялар ажратади, боғ ва токзорлар ҳамда қишлоқ хўжалиги техникаларини лизинг шартлари асосида етказиб бериш каби ишларда фаол иштирок этади.
Жамғарма ҳозирга қадар 355 та “Томорқа хизмати” МЧЖга 340 млрд сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратди. Ушбу маблағлар кўчатчилик иссиқхонаси, қишлоқ хўжалиги техникалари, юк сақлаш омборхонаси, совиткичли омборхона, уруғ, кўчат, ўғит, кимёвий воситалар дўкони, ихчам иссиқхоналар қуриш цехи, мевани қуритиш ва қайта ишлаш цехи, инкубатор, сунъий қочириш пункти, каби йўналишларда фойдаланилган.
“Томорқа хизмати” МЧЖлар 325 мингдан ортиқ хонадонга юқорида келтириб ўтилган йўналишларда хизмат кўрсатиб, 1 931 та доимий ва 2 214 та мавсумий иш ўрни яратилди. Жамғарма қўллаб-қувватлаган 13 та “Томорқа хизмати” 20,9 миллион доллар миқдорида экспортни амалга оширди. Шунингдек, 68 та туманда ташкил этилган “Томорқа хизмати” МЧЖларнинг фаолияти кластер усулида бўлиб, аҳолига маҳсулот етиштиришдан тортиб уни харид қилишгача бўлган 12 турдаги хизматлар орқали йилига 2 мингдан 6 минггача бўлган томорқаларга хизмат кўрсатишга ихтисослашган. Жамиятлар бозорда сотиш имкони бўлмаган иккинчи ва учинчи тур мева сабзавот маҳсулотларини томорқалардан харид қилиш ҳамда уларни қуритиш ва қайта ишлашни асосий йўналиши сифатида танланган.
Томорқаларда агротехник табирларни амалга ошириш учун Жамғарма хориждан томорқада ишлашга мўлжалланган 800 дан ортиқ минитехника ва асбоб-ускуналарни фуқаролар ва “Томорқа хизмати”га етказиб берди.
Томорқаларни суғориш мақсадида сув таъминоти оғир ҳудудларда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 июлдаги қарорига асосан Жамғарма орқали артезиан қудуқларини қазиш харажатлари учун 150 млн сўмгача субсидиялар ажратди. Маблағлар қудуқларнинг чуқурлиги ва артезиан қудуқларидан чиқарилган сувнинг қанча томорқани суғоришига мўлжалланганига қараб йўналтирилмоқда. Ҳозирга қадар 1 824 та артезиан қудуқлари учун 160 млрд сўм субсидия ажратилган. Натижада 10-20 йиллардан буён сув келмаган 41 минг аҳоли хонадонига сув чиқарилди ва ер майдонларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилиши тикланди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги қарори билан 2022 йилдан томорқа ер эгалари билан кооперация асосида иш ташкил этган тадбиркорлик субъектларига омборхоналарни жиҳозлаш, қуритиш, саралаш ва қадоқлаш ускуналари харид қилиш харажатларининг 30 фоизи миқдорида, бироқ 150 млн сўмдан ортиқ бўлмаган ҳажимда давлат бюджети ҳисобидан субсидия ажратиш йўлга қўйилди.
Талабга кўра субсидия олиш истагида бўлган талабгорлар манзилли рўйхатга киритилишлари зарур бўлиб, рўйхат учун аризани Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки бевосита Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги “Агросаноатни рақамлаштириш маркази” давлат муассасасининг ахборот тизимига кириш орқали амалга оширишлари мумкин.
Жамғарма Андижон туманида 120 гектар, Чироқчи туманида 60 гектар, Денов туманида 50 гектар ер майдонида интенсив боғзор, Янгибозор туманида 120 гектар, Иштихон туманида 100 гектар, Қувасой шаҳрида 36 гектардан интенсив токзор, Янгийўл туманида 20 гектар ажратилган ер майдонларида ихчам иссиқхоналар ташкил этиш бўйича лизинг фаолиятини юритмоқда. Тайёр боғ ва иссиқхоналарни аҳолига лизинг шартлари асосида сотиш режалаштирилган.
Аҳолининг томорқачилик билим ва тажрибаларини оммалаштириш учун марказлар орқали томорқачилик билимлари ўргатилмоқда. Мазкур йўналиш доирасида Жамғарма Беруний туманида кўчатчилик, Андижон туманида боғдорчилик, Бухоро туманида иссиқхона, Шароф Рашидов туманида гулчилик, Чироқчи туманида асаларичилик, кўчатчилик ва паррандачилик, Кармана туманида паррандачилик, Денов туманида боғдорчилик марказлари ташкил этилиб, бепул таълим олиш йўлга қўйилган.
Академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий -тадқиқот институтининг Фарғона вилояти Қува туманида 395 гектар ер майдони негизида Жамғарма таъсисчилигида Томорқа ер участкаларини ривожлантириш илмий-амалий маркази ҳам фаолият юритмоқда. Марказда “in vitro” лабораторияси, кўчатчилик мактаби ва ўқув маркази ташкил этилган. Ушбу хизматлар орқали Жамғарма “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида республикамиз ҳудудларига фермерлар ва томорқа ер эгаларига 8 миллион донадан ортиқ кўчат етказиб бермоқда.
Энг муҳими томорқа ер эгаларига ҳамкор банклар орқали йиллик 14 фоиз ставкадаги имтиёзли кредитлар ажратилмоқда. Қишлоқ хўжалигига иқтисослашган 160 та туманда Жамғарма маблағларини олиш истагида бўлган фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 16 декабрдаги ва 20 декабрдаги қарорлари асосида кредит олиш юзасидан “Oilakredit.uz” орқали ариза киритишлари ҳамда ҳоким ёрдамчисидан тавсия олиш орқали тижорат банкларидан маблағларни расмийлаштиришлари мумкин.
Жамғарма ўтган беш йилда томорқачилик ва қишлоқ хўжалиги йўналишлари учун 1,5 трлн сўмдан ортиқ лойиҳаларни молиялаштирди.
Х.Исроилов,
Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини
қўллаб-қувватлаш жамғармаси бўлим бошлиғи